Қорақалпоғистонликларга кўрсатилган юксак ҳурмат


Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонининг берилиши бутун қорақалпоғистонликларни чексиз қувонтирди.

Мен Муса Тажетдиновични кўп йиллардан буён танийдиган инсон сифатида у киши ҳақида жуда кўп фикрларим билан ўртоқлашишим мумкин. Аммо, у кичик бир мақолага сиғмайди. Яқин йилларда Қорақалпоғистонда амалга оширилган ишларнинг ўзи достонларга татийди. Ҳудудимизда ҳар куни катта янгилик, ҳар куни байрам. Нукус, Қонликўл, Мўйноқ ва Оролда олиб борилаётган ишлар одамни ақлдан оздириб қўяди, десам асло муболаға бўлмайди. Қайси ишларни кўздан кечирмайлик, ҳаёлимда доимо икки инсон сиймоси акс этади. Улар –Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ҳамда Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов. Мустақилликнинг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида Муса Ерниязов келгуси 3 йилда ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълум қилганида, тўғриси, бундай замонларни кўриш насиб этганидан  чексиз мамнун бўлганимни яшира олмайман. Мен аниқ рақамларга ўтсам.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистонда 2019-2022 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 та лойиҳа амалга оширилади ва шунинг ҳисобига 14 мингга яқин иш ўринлари яратилиши назарда тутилган. Бунда чет эл инвестицияларининг ҳиссаси 914 миллион 735 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри, Мўйноқ ва Қонликўл туманлари, ҳаттоки, энг олис қишлоқлари ҳам катта қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи давомида ҳудудни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга беш устувор вазифа белгилаб берилди. Инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда саноатни жадал ривожлантириш, соҳаларда саноат корхоналарини ташкил этиш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, саноат корхоналарини ишга тушириш ва халқимиз учун замонавий инфратузилма яратиш, Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароитларни яхшилаш ушбу вазифаларнинг асосини ташкил этади.

Ҳудудда кейинги уч йил ичида амалга ошириладиган лойиҳалардан Қипчоқ посёлкаси қошидан Амударёга автомобиль ва темир йўл кўпригини қуриш, Нукус –Ақтаў йўналиши бўйича автобус ва темир йўл қатновини йўлга қўйиш, “Нукус-Қўнғирот-Даўит ата” автомобил йўлининг 240 километрлик қисмини таъмирлаш, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари марказларида “Обод марказ” дастурларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Қораўзак туманидаги “Тебинбулоқ” кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси бошланмоқда. 3 йилга мўлжалланган дастурга кўра Нукус шаҳрида лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш, 50-60 фоиз ғалла майдонларини чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва дон корхоналарига кластер усулида бириктириш, Германиянинг тажрибали мутахассислари ва замонавий технологиялари асосида наслчилик ва чорвачилик кластерларини очиш, “Дарё оралиғи” сув сақлагичида йилиги 20 минг тонна балиқ етиштириш, ноябрь-февраль ойларида Орол денгизининг қуриган майдонидаги 700 минг гектарга саксовул экиш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Оболбўйи  ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди маблағлари ҳисобидан Мўйноқ туманида Корея технологияси асосида кўп тармоқли тиббий клиника ҳамда 100 ўринга мўлжалланган даволаш-реабилитация марказини қуриб фойдаланишга топшириш, Элликқалъа, Мўйноқ ва бошқа туманларнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги туризм маршрутларини яратиш, Нукус шаҳрида “Нукус сити” лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.

Шуни таъкидлаш керакки, Орол денгизининг қуриган майдонида дастлаб 30-40 йил давомида фақатгина 400 минг гектарга чўл ўсимликлари экилган бўлса, ўтган йилнинг декабрь ойидан шу йилнинг майига қадар яъни, 6 ой ичида деярли 500 минг гектарга саксовул экилди. Энди бу кўрсаткич 700 минг гектарга етказилади. Нукусда ҳозирда энг баланд бинолар 9-11 қаватни ташкил этади. Келажакда шаҳар марказида, яъни, “Дўстлик” канали бўйида “Нукус сити” да 16-20 қаватли уйларни кўриш мумкин.

Қорақалпоғистонликларни Мустақиллик байрами арафасида қувонтирган яна бир янгилик-Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши бўлди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистонда ялпи ҳудудий маҳсулотлар ҳажми 7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич йил якунига қадар 15 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Бундан уч-тўрт йил бурин ялпи ҳудудий маҳсулотлар ҳажми фақатгина 4 триллион сўмни ташкил этар эди. Ўтган 6 ой давомида қурилиш ишлари ҳажми 45 фоизга, инвестициялар ҳажми 19,4 фоизга, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми 5,4 фоизга, хизматлар ҳажми 18 фоизга ўсиши иқтисодиётимизнинг жадал ривожланиб бораётганидан дарак беради.

Юқорида таъкидлаганимдек, Қорақалпоғистонда бундай кенг кўламли ишларнинг амалга оширилиши иникосида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва унга қўл-қанот бўлиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовни кўриш мумкин.

Мен халқим деб, юртим деб куни-тун жонларини аямай келаётган бу инсонларни ва барча юртдошларимизни Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами билан табриклайман ҳамда бутун қорақалпоғистонликларга бўлган ҳурмати сифатида берилган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони муборак бўлсин, дейман

Мустақиллигимиз адабий бўлсин!

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Шарап Уснатдинов,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.