Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманининг “Бўзатов” посёлка фуқаролар йиғини, “Еркиндарья”, “Қусқанатаў”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғинининг мурожаатлари, халқ депутатлари Кегейли ва Чимбой туман Кенгашларининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли фуқаролар йиғинлари ҳудудларини бирлаштириб Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисида берилган таклифини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 67-моддаси, “Қорақалпоғистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 1-моддаси, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 7-моддаси ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Регламенти тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 49-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қ АР О Р Қ И ЛА ДИ :
- Қорақалпоғистон Республикаси таркибида Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифи мақулланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманини ташкил этишга розилик берилганлиги инобатга олинсин.
- Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” посёлка фуқаролар йиғини, “Қусқанатаў”, “Еркиндарья”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудлари бирлаштирилиб, умумий майдони 2035,44 кв. км. бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани ташкил этилсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманининг маъмурий маркази этиб “Бўзатов” посёлка фуқаролар йиғини белгилансин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли, Чимбой ва Бўзатов туманларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан таклиф этилган чизмага мувофиқ тасдиқлансин (илова қилинади).
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига:
Бўзатов тумани ташкил этилиши муносабати билан туман ҳокимлиги таркибини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг туман бўлимларини ташкил этиш ишларини олиб бориш;
туман ҳудудидаги барча ижтимоий муассасаларнинг ҳозирги ҳолати ҳар томонлама хатловдан ўтказилиб камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харита”сини тайёрлаш;
қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат ва бошқа иқтисодиёт тармоқ ва соҳалари аҳволи танқидий ўрганилиб, Бўзатов туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш Дастурини ишлаб чиқиш ва зарур бўлган маблағлар ҳажми ҳамда унинг манбаалари бўйича аниқ таклифлар бериш;
Бўзатов тумани марказини Бош лойиҳа асосида қайта реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича таклифларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш топширилсин.
- Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” посёлка фуқаролар йиғини, “Қусқанатаў”, “Еркиндарья”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудларида жойлашган сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Кегейли ва Чимбой туман Кенгашларининг депутатлари – халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг депутатлари бўлиб ҳисобланиши белгилансин.
- Халқ депутатлари Кегейли, Чимбой ва Бўзатов туман Кенгашларига сайлов округларини тузиш ва депутатлар сайловини ўтказиш чораларини кўриш топширилсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманини тугатиш тўғрисида”ги 2004 йил 26 февраль кунги 561-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
- Қарорнинг ижросини таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Хамраев зиммасига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов
Нукус шаҳри, 2019 йил 4 сентябрь.



