Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 17 июндаги “2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат солиқ идораларининг 25 нафар ходими кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан суҳбат асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
Солиқ соҳасида 5 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган ушбу ходимларнинг олий ўқув юрти талабаси бўлиши уларни Ватанимиз тараққиёти йўлида садоқат билан меҳнат қилишга ундайди.
— Президентимизнинг шу йил 17 июндаги қарори асосида ўқишга қабул қилиндим, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси инспектори А.Мамбетдурдиев. — Бу мен ҳамда оиламдагилар учун катта янгилик бўлди. Мана шундай имконият яратиб берганлиги учун Президентимиздан миннатдорман.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало, халқимизнинг турмуш фароволигини ошириш, уларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, имконият, яратилган шароитлар албатта, келажакда ўз самарасини беради.
