Ўзбекистонда архив соҳасига 100 йил тўлади


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 5 августда “Ўзбекистон Республикасида давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллигини кенг  нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган эди. Бу байрам жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўтказилиши белгиланган.

Архив зиёратгоҳ ва муқаддас жой. Шу муқаддас жойда ишлайдиган ҳар бир ходим сарғайиб кетган ҳужжатлар орасида қанчадан-қанча  тақдирларга даҳлдор бўлган воқеаларнинг гувоҳидир.

Маълумки, қонунчилигимизга кўра, давлат архивларида сақланаётган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда мазкур ҳужжатларни давлат ҳисобидан чиқариш, хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимлар тузиш мумкин эмас.

Давлат архивлари давлат муассасаси ҳисобланади ва ягона илмий-услубий тамойиллар асосида қабул қилинган ҳужжатлар сақланишини таъминлайди, давлат корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамда жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари жамланиши, сақланиши, уларнинг ҳисоби юритилиши ва фойдаланишини амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архивида ўтган асрнинг ўн еттинчи йилларидан бошлаб шу кунга қадар 100 йилдан ортиқ даврни ўз ичига қамраб олувчи, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган 200 мингга ёқин архив ҳужжатлари сақланмоқда. Бу ҳужжатлар кўп миллатли давлатимизнинг миллий маданий бойлиги ҳисобланмиш архив ҳужжатларининг тарихан шаклланган ва муттасил тўлдириб бориладиган жамламаси.

Шунингдек, архивларда ўтган бир аср давомида юртимизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ташкилотларининг ҳужжатлари жамланган. Бу ҳужжатлар алоҳида тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ҳисобланади, чунки улар республика тарихини иқтисодий ва бошқа мақсадларда ўрганишда ёрдам беради.

Ўтган давр ичида давлат архивлари фаолияти ҳуқуқий базага эга бўлди, архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди ва архивлар  асосий вазифаларини амалга оширишда ижобий натижаларга эришди. Республика давлат архивлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ва улардан фойдаланган ҳолда ­архив ҳужжатларини рақамлаштириш, уларнинг электрон нусхаларини яратиш, электрон ҳужжат айналишини таъминлаш ишлари йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, давлат архивлари биноларини қуриш, моддий-техника базасини яхшилаш, архивлар асосий фаолиятининг замонавий механизмларини қўллаш зарурати мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори  айнан ушбу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Хусусан, архив иши ва иш юритиш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадаллик билан жорий этиш, МАФ ҳужжатларини босқичма-босқич рақамлаштириш ва суғурта нусхаларини яратиш, архив хизматларини босқичма-бос­қич Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини ташкил этиш, архив­ларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш  ҳамда инфратузилмасини янада модернизация қилиш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобини юритиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларини ташкил этиш ва уларни давлат-хусусий шериклик асосидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивига айлантириш  архив иши ва иш юритиш соҳасининг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Фармон ва қарор талабларидан келиб чиқиб, архивчилар олдига қўйилган вазифаларни самарали ва сифатли бажариш учун амалдаги меъёрий-услубий ҳужжатларни, йиғилган иш тажрибаларни, халқаро архив ишларини чуқур ўрганишимиз зарур.

Б.Жубатова,

Қорақалпоғистон Республикаси Архив иши бошқармаси бош мутахассиси.