Энг кўп пахта терган оилаларга — “Спарк” автомашинаси берилди


Нукус туманидаги “Бақаншақли” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Рустам” фермер хўжалигининг дала шийпонида “10 кунда энг кўп пахта терган оила” танловининг ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этиб, ўн кун давомида 7 тонна 146 килограмм пахта теришга муваффақ бўлган “Кердер” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Аташовлар оиласига “Спарк” автомашинаси калитини тантанали тарзда топширди. Улар терган пахтаси учун 7 миллионга яқин пул олиб оиласи даромадини оширди.

Бундан ташқари, “Ақманғит” посёлка фуқаролар йиғинидан Тўребоева оиласи билан ўн кун давомида 5 тонна 599 килограмм пахта тергани учун музлаткич, ҳамда мазкур фуқаролар йиғинидан Юсупова оиласи билан 4 тонна 803 килограмм пахта тергани учун газ плитаси билан тақдирланди. Шунингдек, “Оқтерак” овул фуқаролар йиғинидан 2 тонна 571 килограмм пахта терган Генжабаеванинг оиласи ҳамда “Бақаншақли” овул фуқаролар йиғинидан 2 тонна 445 килограмм пахта терган Узоқбергеновлар оиласига замонавий телевизорлар топширилди.

Таъкидланганидек, жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан шу йил 27 сентябрь — 7 октябрь оралиғида “Ўн кунда энг кўп пахта терган оила” танлови учта ҳудуд бўйича эълон қилинган эди. Биринчи ҳудудда Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё туманлари, иккинчи ҳудудда Тахиатош, Хўжайли, Шўманой, Қонликўл, Қўнғирот туманлари, учинчи ҳудудда Нукус, Кегейли, Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманларидан 172 оиладан 504 теримчи қатнашиб, улар томонидан 500 тоннага яқин пахта терилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан энг кўп пахта терган оилалар аниқланди.

Шундай қилиб, биринчи ҳудуддан Беруний тумани “Дўстлик” овул фуқаролар йиғинидан ўн кунда 8 тоннага яқин пахта терган Гулҳумор Рўзимованинг оиласи, иккинчи ҳудуддан Қонликўл тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинидан 8 тоннадан ортиқ пахта терган Жийенгул Ещанованинг оиласи, учинчи ҳудуддан Нукус тумани “Кердер” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 7 тонна 146 килограмм пахта терган Икрамбай Аташовлар оиласи ғолиб бўлиб, ҳар бири “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди.

Иккинчи ўн кунлик учун ҳам мана шундай танлов ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ғайратли теримчиларни, фаол оилаларни қимматбаҳо совғалар кутмоқда.

Танлов ғолибларига совғаларни топшириш тадбирларида санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилиб, дастурхон ёзилди.

Д.Абибуллаев.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.