Яқинда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик доирасида “Бирмиз. Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида оммавий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Партия сайловолди дастури ва мақсадларини кенг жамоатчиликка тарғиб этишга бағишланган тадбирда партиянинг Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, талаба-ёшлар, санъат усталари, таниқли спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари махсус жиҳозланган автобусларда корхона ва муассасалар, жамоат жойларида бўлиб, тарғибот тадбирларини олиб боришди.
Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Тадбир республикамиз санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларининг концерт дастури билан якунланди.
