Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Тахтакўпир тумани “Мулк” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда ҳаётмизнинг ажралмас қисмига айланган бу тамойил аҳолининг жамиятимизга, давлатга ишончини мустаҳкамлаб, ҳаётидан чин маънода рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Уйма-уй юриб, очиқ мулоқот тарзда ташкил этилган учрашувда фуқаролар асосан тиббий ва коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши, имтиёзли кредит ажратиш каби масалаларда мурожаат қилишди. Ушбу мурожаатлардан маълум қисми шу ерда ҳал этилган бўлса, атрофлича ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича, тегишли раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Рекспубликаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов учрашувда моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган, уч нафар фарзанднинг онаси Мийуа Мамутованинг оиласига бориб, бу оилага соғин сигир, газ плитаси, газ баллони ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Шундан кейин туман ва юртимизнинг барча ҳудудларидан келган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммолари тингланди. Юзага келган муаммоларни ҳал этиш бўйича соҳа раҳбарларига вазифалар белгилаб берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг тадбиркорларга йўллаган мурожаатининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йилнинг 7 ноябрь куни қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида республикамизнинг Бўзатов, Мўйноқ, Қўнғирот туманлари билан бир қаторда Тахтакўпир туманини ҳам чорвачиликка ихтисослаштириш белгиланган. Тадбирда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти унинг республикамизда чорвачиликни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Уч мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган, асосан чорвачилик, деҳқончилик, паррандачилик, асаларичилик билан шуғулланадиган ушбу овул республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ўтган қисқа вақт ичида овул фуқаролар йиғини ҳудудида қатор қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури асосида мактабгача таълим, халқ таълими, спорт, соғлиқни сақлаш объектларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Турар жойлар қурилди, йўллар таъмирланди. Бундан ташқари, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилди.
Учрашув давомида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди. Давлат хизматлари агентлигининг туман бўлими томонидан аҳолига сайёр қабул хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, 16-сонли умумтаълим мактабига 200 дона бадиий китоблар ва спорт инвентарлари совға этилди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



