Инвестициявий Форум: Ҳамкорликнинг янги босқичи


Нукусда икки кун давомида “International investment Forum Karakalpakstan” халқаро инвестициявий форуми бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистони, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Форумнинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.­аниев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, жаҳон бозори талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва юртимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталдилар.

Таъкидланганидек, Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда чет эл инвесторлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш, ҳудудимиздаги экологик ҳолатни барқарорлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2018 йилнинг 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида давлатимиз раҳбари Орол­бўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилишни таклиф этди.

Ушбу таклифнинг амалдаги ижроси сифатида ўтган йилнинг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Мўйноқ – янги имкониятлар” мавзусидаги бизнес форум, жорий йилнинг октябрь ойида Нукус шаҳрида БМТ шафелигида юксак даражадаги “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, “яшил иқтисодиёт”, электр энергияси ва сувни тежайдиган техноло­гияларни комплекс татбиқ этиш, экотуризм­ни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган “International Investment Forum Karakalpakstan” хал­қаро инвестиция форумини ўтказишдан асосий мақсад республикамизга чет эл инвесторларини кўпроқ жалб қилиш, шу орқали ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, иштирокчиларни ҳудуднинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳия­ти, инвесторлар учун жорий қилинган, божхона ва солиқ имтиёзлари билан яқиндан таништиришдир. Форумда таъкидланганидек, республикамизнинг инвестициявий салоҳияти юқори бўлиб, ҳудуд ҳали фойдаланилмаётган ресурсларга жуда ҳам бой.

Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида минтақавий Инвестиция дастури асосида республикамизга умумий қиймати 140,3 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Унинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Германия ва Россия Федерацияси давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Жанубий Кореянинг “Caris Co Ltd” компания­си ижрочи директори ­Ю.Чеол, Хитой Халқ Республикасининг “ARAL ALUMINIUM INVEST GROUP” компанияси бўлим бошлиғи Чжан Вэй Сюань, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари ­Б.Абидовлар сўзга чиқиб мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар ва жорий йилнинг ўтган ойларида амалга оширилган ишлар хусусида тўхтаб ўтдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Форум якунлари бўйича умумий қиймати 313 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 18 та ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий битимларга эришилиб, тегишли меморандумлар имзоланди. Бу битимлар республикамизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

— Бўзатов ҳамда Нукус туманларида чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш бўйича битим туздик, — дейди Хитойнинг қишлоқ хўжалиги университети профессори Ван Жие Ванг. — Уч кун давомида республикангизда меҳмон бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар бор эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Айниқса, чорвачиликни ривожлантиришда Бўзатов туманининг иқлим шароити менда алоҳида таассурот қолдирди.

Халқаро форум иштирокчилари Нукус шаҳри, Хўжайли ва Қонликўл туманларида бўлиб, “Nukus Ekeltoapparat”, “Nukus Samsung”, “TechnicGlobe”,  “Хўжайли ­агросаноат маркази”, “Kantex invest” масъулияти чекланган жамиятларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, “Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган” мавзусида миллий кўргазма ташкил этилди ва у меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Форум иштирокчилари И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ва Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлдилар.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.