Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Қорақалпоқ тилининг илмий муҳим масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Б.Генжемуратов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллик байрами билан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб қорақалпоқ тилини ривожлантириш, уни янада бойитиш ҳамда келажак авлодга соф ҳолича етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада луғатлар, дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари нашр этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилини илмий тадқиқ қилиш ишлари Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти етакчи илмий ходимлари, Қорақалпоқ давлат унивеситети ва Нукус давлат педагогика институтининг қорақалпоқ тили кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
