Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллик байрами арафасида Оролбўйи халқининг юрак қон-томир касалликларини соғломлаштириш маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев сўзга чиқиб, йиғилганларни Конституция байрами ва янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.
Марказда “Инвесстрой Нукус” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 9,5 миллиард сўмлик иш ҳажми бажарилди. Санитария-профилактика типида қурилган бино реконструкциядан сўнг стационар типидаги шифохонага айлантирилди. Бу ерда кардиохирургия операция блоги, рентген-эндоваскуляр хурург операция, шунингдек, кардиореанимация бўлимлари янгидан ташкил этилади. Ангиограф аппарати учун маҳаллий бюджетдан 730 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиб, тендер савдоси ўтказилди.
Келгуси йили яна 2,8 миллион АҚШ долларига янгидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиш режалаштирилган, — дейди Оролбўйи халқининг юрак қон-томир касалликларини соғломлаштириш маркази бош шифокори Д.Авезов. — Шунингдек, уч миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади.
Тадбир иштирокчилари даволаш марказида яратилган шароитлар билан танишди.
Д.Абибуллаев.



