Жорий йил 11 декабрь куни Нукусда Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг
давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов йиғилганларни Президент мактабининг очилиши билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳалар каби таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикамизда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Навоий давлат кончилик институти ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институтларининг Нукус филиаллари очилиши, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига 75, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига 25 талабанинг квота асосида қабул қилинганлиги бунинг ёрқин мисолидир.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида 21 умумтаълим мактаби қайта ташкил қилингани, мактабларнинг моддий-техник базаси ва инфратузулмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан 150 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида барча соҳалар каби таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги Президент мактабларини ташкил қилиш, бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бугунги кунда Тошкент, Наманган, Хива шаҳарларида бўлгани каби Нукус шаҳрида Президент мактаби очилди.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари А.Садуллаев, Президент, Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Бобохўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таълим соҳасини ислоҳ қилиш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, улар учун шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтишди.
Мактабда биринчи қўнғироқ чалиниб, дастлабки дарслар бошланди.
Президент мактабининг қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 67 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган уч қаватли ётоқхона, барча қулайликларга эга меҳмонхона, спорт заллари, бассейн, ошхона, дарсхоналар ўқувчиларга хизмат қилади. Барча зарур жиҳозлар Хитой ва Туркиядан келтирилди.
Мактабда ўқув жараёнлари қорақалпоқ, ўзбек тилларида, шунингдек, STEAM таълим дастури асосида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанлари Буюк Британиянинг Cambridge University ташкилоти дастури асосида инглиз тилида ўқитилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бирга Кения, Буюк Британия ва Жанубий Африкадан саккиз нафар тажрибали мутахассислар таклиф этилди.
Жорий йилда мактабга 7 минг 500 ўқувчи ҳужжат топширган бўлса, шундан иқтидорли 144 ўқувчи Кембридж университети халқаро имтиҳон бўлимининг тажрибали мутахассислари томонидан танлаб олинди. Ҳар бир синфда икки гуруҳга бўлинган ҳолда 12 ўқувчидан жами 24 ўқувчи билим олади.
— Ушбу ўқувчилар сафида мактабга қабул қилинганимдан хурсандман, — дейди Амударё туманидан Шаҳриёр Шомуродов. — Бу ерда чуқур билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Келгусида Президентимиз бизга билдирган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
— Мен бахтли ота-онанинг бириман, — дейди Нукус шаҳридан Алишер Қутлимуратов. — Сабаби, ўғлим Алпамис Махмудов ушбу мактабнинг 5-синфига юқори балл билан қабул қилинди. Фарзандларимизга бундай имконият яратиб бераётган Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Тадбир қатнашчилари Президент мактабида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



