Ватанпарварлик ойлиги доирасида Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонининг ўринбосарлари, полковник Қ.Зоидов, подполковник Н.Қодиров, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник И.Ахмедовлар сўзга чиқиб, йиғилганларни янги йил байрами, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги билан табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 15 декабридан 2020 йилнинг 15 январига қадар ватанпарварлик ойлиги ўтказилиши белгиланган. Бундан кўзланган мақсад, ёшларимизни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, Ватанни қўриқлаш муқаддас бурч эканлигини тушинтиришимиз, жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва тараққиёти йўлида фидоий хизмат қилган қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини кучайтиришдан иборат. Шунингдек, миллий армиямизнинг имконияти ва қудратига ишончни орттириш, ёшларда жаҳонда юз бераётган сиёсий, ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлиш кўникмаларни шакллантириш, ҳар қандай мураккаб ҳолатларда тўғри ечим қабул қилиш, Ватан манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз юртига, халқига содиқ бўлиш бугунги куннинг талаби эканлигини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшларнинг онгига сингдиришни назарда тутади.
Ватанпарварлик ойлигига бағишланган тадбирлар дастури 5 бўлим, 67 банддан иборат бўлиб, бунда бир қатор тадбирлар ташкил этилиши белгиланган.
Концерт дастурида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонининг Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими хонандалари, хизмат кўрсатган артистлар ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорлари томонидан Ватанни, миллатлараро дўстликни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди. Тадбир доирасида ҳарбийлар она Ватанга хизмат қилишдан мамнун эканликларини билдирди ва ёшларни ватанпарварлик ойлигида фаол иштирок этишга чақирди.
— Ватанпарварлик ойлигида ҳарбий оркестримиз ҳам ўзининг дастурлари билан фаол қатнашишни режалаштирган. Ойлик доирасида Нукус шаҳри ва туманларда ватанпарварлик руҳидаги дастурларни, ҳайрия концертларини ўтказишни ният қилганмиз, — дейди Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонининг Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри раҳбари, лейтенант А.Коразбеков.



