Яқинда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг замонавий журналистикасини ривожлантириш маркази ҳамда Буюк Британиянинг Тошкент шаҳридаги элчихонаси томонидан “Маълумотлар журналистикаси” курси бўйича сессия ўтказилди.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тренери, медиа эксперт Эмиль Фахреев республикамизнинг барча ҳудудларидан келган оммавий ахборот воситалари вакилларини маълумотлар устида ишлаш асослари билан таништирди.
Тадбир давомида маълумотларни етказишнинг янги усуллари ва медиаистеъмол, очиқ маълумотлардан фойдаланиш йўллари, дата –соҳалар яратиш бўйича маслаҳатлар берилиб, маълумотларни визуаллаштириш, инфографика, интерактив карталар, квизлар, тизим ва тестлар устида ишлаш қоидалари тушунтирилди.
Семинар-тренинг доирасида журналистлар очиқ маълумотлар, халқаро маълумотлар базалари тўғрисида билимларга эга бўлиб, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, визуализациялашга мўлжалланган сервислардан амалиётда фойдаланиб кўришди. Иштирокчилар мавзу излаш ва эксклюзив материаллар тайёрлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, маълумотларни қайта ишловчи, инфографика ва анимация программалари билан танишди.
Ушбу тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг объектив ва инклюзив медиаконтентни яратиш борасидаги салоҳиятини янада ошириш, журналистларнинг маълумотлар журналистикаси соҳаси бўйича билим ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган.
— Дата журналистика – маълумотларни фойдаланиш, қайта ишлаш, ўқиш учун қулай, осонлаштирилган кўринишда тавсия этишга йўналтирилган журналистиканинг янги, замонавий йўналиши саналади, — дейди “Вести Каракалпакстана” газетаси мухбири Х.Халилаева. — Дарҳақиқат, журналистика бир жойда қолиб кетмаслиги керак. Бизлар замон билан ҳамнафас бўлишимиз лозим. Мен бугунги семинар-тренингдан керакли маълумотларимни олдим.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



