Айни кунларда юртимиз бўйлаб Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ҳарбий хизматчилар иштирокида турли хил тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Мазкур фармойишга асосан 2019 йилнинг 15 декабридан 2020 йил 15 январига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилинди ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги байрам тадбирлари “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” умумий шиори остида ташкил этилмоқда. Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Нукус шаҳридаги ҳарбий хизматчилари ҳам шаҳримиздаги академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида бўлиб, “Мардлик ва жасорат” мавзусидаги дарслар ўтказишмоқда.
Яқинда ДХХ чегара қўшинлари ва таълим муассасалари ҳамкорлигида Қорақалпоқ давлат университети ва ТАТУ Нукус филиали қошидаги академик лицейларда “Ватанпарварлик миллий юксалиш кафолати” мавзусида тадбир ўтказилди. Нукус шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм хизматчилари ва ўқувчи ёшлар иштирок қилган тадбирда оддий аскар А.Ибрагимова ва Д.Тўрақуловлар ёшларни Ватанни севишга, уни асраб-авайлашга, жонажон Ўзбекистонимизга ситқидилдан хизмат қилишга чорловчи маъруза билан чиқишди. Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган, хусусан ҳарбий бўлишга оид саволлар билан мурожаат қилдилар. Шунда ёшлар билан ҳарбийлар ўртасидаги мулоқот янада қизиди. “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирда юздан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок қилди. Уларнинг ҳарбийлар билан суҳбатида билдираётган фикрлардан аён бўлдики, ушбу тадбир келгусида ҳарбий бўламан, деган ёшлар сафининг янада кенгайишига хизмат қилади.
Ҳарбий хизматчиларнинг маҳаллаларда ҳам тадбирлар ташкил қилиб, хонадонларга ташриф буюришлари халқ ва армия бирдамлигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда, дейиш мумкин.
Куни кеча ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳридаги “Ҳаво йўллари” маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилаларга байрам совғаларини улашдилар.
— Бундай меҳр-мурувватдан айниқса, болаларнинг кўзлари қувончга тўлди, — дейди Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Нукус шаҳридаги ҳарбий хизматчиси Сардор Тиллаев. — Айниқса, ёши улуғ, нуроний отахонларимиз бундай эътибордан қўлларини дуога очиб, “Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, Юртбошимиз омон бўлсин, осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз абадий бўлиб, халқимиз бунданда фаравон ҳаёт кечирсин”, — дея дуо қилдилар.
Ҳарбий хизматчилар маҳалладаги Утегеновлар ва Давлетмуратовлар оиласига ташрифидан ушбу хонадондаги фарзандлар жуда хурсанд бўлдилар. Байрамларда ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзиш, меҳр-мурувват кўрсатиш, совғалар улашиш халқимизнинг азалий қадриятларидан.
— Мен улғайсам, албатта, ватанимизга хизмат қиладиган, уни ҳимоя қиладиган, кучли, мард ва жасур ҳарбий бўламан”, — дейди. Давлетмуратовлар оиласининг кенжа фарзанди Алламурат.
Ҳа, “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказилаётган тадбирлар минглаб ёш авлод қалбига чин маънода ватанпарварлик туйғуларини сингдирмоқда. Юртимизни ҳали Янги йил байрами шукуҳи тарк этмади. Айни кунларда эса, Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тантаналари бошланиб кетди. Юртдошларимиз юзида қувонч, фарзандларимиз кўзларида шодлик. Албатта, тинч-осуда юртга байрамлар ярашади.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ.



