Президентимиз раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш борасида бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
— Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак, — деди Президентимиз.
Президентимизнинг ҳудудларда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслари ҳамда қабул қилган фармон ва қарорлари соҳада юзага келган муаммоларга ечим топишда муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаган “Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, деган пурмаъно гаплари тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларда асосий шиорга айланди, десак муболаға бўлмайди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятидаги муаммоларни тизимли бартараф қилишга замин яратди. Фармонда тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашда, айниқса жойларда бюрократик тўсиқлар ва ғовлар учраб турганлиги алоҳида келтирилиб, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ҳамда тадбиркорларнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббусларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Мазкур фармонга мувофиқ республикамиз ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Республикамиз туманларида ҳам мазкур қабулхоналарнинг ташкил этилиши тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Биз, Кегейли туманида тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудирига мурожаат қилдик.
— Кегейли туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси 2019 йил 23 июлдан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, йил охиригача маҳаллий тадбиркорлардан жами 110 мурожаат келиб тушди, — дейди Кегейли тумани Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Б.Аширбеков. — Қабулхонага қилинган мурожаатларда кўрсатилган муамммолар тегишли давлат органлари билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, шундан ҳозирги кунгача 60 мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди. Элликдан ортиқ мурожаат эгаларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, уларнинг бу борадаги миннатдорлик хатлари олинди.
Жумладан, “Biybaris Niyetbaev” масъулияти чекланган жамиятининг “Еркиндарья” ОФЙ ҳудудида жойлашган нонвойхонасининг электр энергияси таъминотидаги муаммоси ҳал қилиниб, 605-сонли трансформаторга уланди. “Кенегес қурлыс саўда” МЧЖ, “JANA KAPITAL QURLIS KONSTRUKSIYA” МЧЖ, “ZIBA AZAMAT” МЧЖ, “Жансулыў Асемай” МЧЖ ва “Халқабад хызмет” масъулияти чекланган жамиятларига «Ёшлар келажагимиз» дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилишига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, “Гул Барно” фермер хўжалигининг деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер ажратиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал қилинди.
«Айбек Наташа» корхонасига тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш учун Халқ банкининг Кегейли филиалидан 80 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. “Жасурбек қыпшақ” ва “Нарбай Сипатдинов” фермер хўжаликларининг солиққа ортиқча тўланган пул маблағларини қайтариб олишида қабулхона томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.
Президентимиз 8 январь куни тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида “Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак”, дедилар.
Биз, ҳам ўз навбатида давлатимиз раҳбари белгилаб берган топшириқлар асосида 2020 йилда тадбиркорлар томонидан қилинган мурожаатларни янада чуқур ўрганиб, ижобий ҳал қилиш, шу орқали тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудда янги иш ўринларини яратиш бўйича режаларимизни белгилаб олдик. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати диққат эътиборимизда бўлади.
Президентимиз юқорида келтирилган йиғилишда бу йил ҳукумат ва ҳудудлар учун “иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили” бўлади, – дея таъкидлади. Бундан кўриниб турибдики, жорий йилда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни изчил биртараф қилиш масаласига янада кўпроқ эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига қилинган ҳар бир мурожаат қайси ҳудуддан бўлишига қарамай назоратга олиниб, ягона электрон базага киритиб борилиши ҳар бир мурожаат муддатида ҳал қилинишига замин яратмоқда.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ.



