БИЗНИ ОЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ КУТМОҚДА


Ўтган йил давомида қилган ишларимизни сарҳисоб қилдик. Эришилган натижалар бизни кириб келган янги йилга янада улкан режалар тузишга, катта мақсадларни амалга оширишга руҳлантирди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, 2019 йил Қорақалпоғистон спортчилари, умуман олганда ­халқимиз учун омадли ва самарали йил бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Биргина, шу йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалининг иш бошлагани республикамизда мазкур йўналишдаги кадрлар салоҳияти ошишига, пировардида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга  хизмат қилиши шубҳасиз.

Республикамизда Президентимизнинг алоҳида эътибори ва Қорақалпоғистонга қилган ташрифлари чоғидаги топшириқлари асосида кўплаб янги спорт иншоотлари барпо қилинмоқда. Нукус шаҳрида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорат мактаби қурилиб фойдаланишга топширилгани ҳам шулар жумласидандир. Шунингдек, 2019 йил пойтахт Нукус шаҳри ва туманларда янги, замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилди. Мазкур спорт объектларида ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда бу каби спорт мажмуаларида юзлаб спортчилар машғулотлар ўтамоқда. Албатта, бу эътибор ва яратилаётган шароитлар ўз натижаларини бермоқда. Бугунги кунда кўплаб қорақалпоғистонлик спортчилар Ўзбекис­тон терма жамоалари аъзолари сифатида жаҳон ареналарида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқдалар. Қатор нуфузли мусобақаларда юқори шоҳсупалардан ўрин олиб, чемпион бўлишмоқда.

Спортчиларимизга яратилаёт­ган имкониятлар ва улар эришаёт­ган натижаларда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳам ҳиссаси бор албатта. Бу Тошкентда “Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросимида алоҳида эътироф қилинди.

Мазкур маросимда вазирлигимиз “Жойларда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” номинацияси бўйича махсус мукофот билан тақдирланди.

Шунингдек, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зайнаб Дайибекованинг эришаётган натижалари юксак баҳоланди. Бир неча бор Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Россия каби давлатларда ўтказилган Осиё чемпионати ва  халқаро турнирлар  ғолибаси бўлган спортчимиз учун 2019 йил ҳам муваффақиятларга бой бўлди. Жумладан, у Тошкент шаҳрида сентябрь ойида ўтказилган қиличбозлик бўйича Марказий Осиё конфедерацияси очиқ турнирида ҳамда ноябрь ойида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўсмир-қизлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Ёш ва умидли спортчимизнинг ҳаракатлари, эришган натижалари мутасаддилар томонидан юқори баҳоланиб, Йилнинг энг яхши ёш ва истиқболли спортчиси, дея эътироф этилди ҳамда жорий йилги “Миллий спорт мукофоти”га  лойиқ кўрилди.

Кириб келган 2020 йил ҳам жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари, мураббий ва спортчиларимиз учун жуда масъулиятли йилдир. Айниқса, уларни Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси – Олимпия ўйинлари кутмоқда. Спортчиларимиз 2020 йилда ҳам халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонамиз.

Ғайратбай  Байниязов,

Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири.