Мен Ватаним учун шу ерда саксовул бўлиб кўкаришга тайёрман!


Яқинда республикамиздаги олий таълим муассасаларининг талаба ёшлари, ёшлар етакчилари билан биргаликда Мўйноқ туманида денгизнинг қуриган ҳудудида бўлиб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдик. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақиқатан ҳам кишини ҳайратга солади.

Ана шундай матонатли инсонлар сафида бўлишга ундайди. Айниқса,  ­шогирдларимиз Қорақалпоқ давлат университети қорақалпоқ филологияси журналистика факультети талабалари бу ердаги мислсиз жараёнларни кўриб ниҳоятда таъсирландилар. Улар «нега энди бошқаларнинг ишига томошабин бўлиб туришимиз керак, Ватан барчамизники, шунинг учун бизлар ҳам бу ерда амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим», деб таклиф билдиришди. Яъни таътил вақтларида “Орол талаба қурилиш отрядлари”ни тузиб, Орол ҳудудида амалга оширилаётган барча ишларда фаол қатнашишимиз керак, — деган фикрга келдилар.

Албатта, Орол дардига дармон бўлиш, Мўйноқни гўзал шаҳарга айлантириш борасидаги ишларда талаба ёшлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу бир томондан талабаларни меҳнатга ўргатса, иккинчидан ­маънавий юксалишга экологик онгги ва маданиятининг кучайишига катта таъсир кўрсатади.

Орол бўйи ҳудудларида кезар эканман, бир қатор фикрлар ҳаёлимга келди. Айтайлик, хорижлик туристлар ёз бўйи Юртимизда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юради. Уларнинг барчаси фақат Самарқанд, Бухоро, Хивадаги ёдгорликларни, ёки “Саҳро Луври” — И.В.Савицкий номидаги санъат музейимизни томоша қилишга келади деб ўйлайсизми. Албатта, бу ҳам тўғри, лекин уларнинг кўпчилигининг юрти  қуёш кам кўринадиган жой бўлгани учун йил ўн икки ой давомида қуёшга интилиб яшашади. Нам ҳаводан нафас ололмай қисилади. Шу боис қуруқ ҳаволи жойларга фақатгина нафас олиш йўллари касалликларини даволаш мақсадида саёҳатга боришади. Шу сабабли, бугун экология пойтахти деб аталаёт­ган Мўйноқда ҳамда  унга яқин бўлган Қўнғирот туманида қуруқ ҳаво билан ўпка касалликларини даволайдиган санаториялар ташкил этса бўлади.

Тўғрисини айтсам, Орол денгизининг қуриган тубида шундай қизғин жараёнга гувоҳ бўлар эканман, ўзимнинг ҳам юрагим ҳапқириб кетар, бу мўъжизакор ишларга ўзим ҳам ҳисса қўшгим келади. Яқинда намойиш қилинган Халқаро пресс-клубда айтганимдай агар мен Ватанга керак бўлсам, шу ерда саксовул бўлиб кўкаргим келади.

Тамара Машарипова,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети “Журналистика” кафедраси” доценти,

P,h,D, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.