Суд-ҳуқуқ соҳасида янги ўзгаришлар кутилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳаётимиздаги барча соҳаларни ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам янги ўзгаришлар, ислоҳотлар бўлиши кутилмоқда. Яъни, Мурожаатномада 16 та қонун, 6 та кодекс 5 та концепция, 5 та дастур ва 4 та стратегиянинг қабул қилинишини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. Хусусан, янгидан Экология кодекси, “Давлат харажатлари тўғрисида”ги ҳамда “Кичик бизнес ва ўрта бизнес тўғрисида”ги қонунлар, “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастури, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилиш вазифалари белгиланган.

Мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида тадбиркорлик субъектларининг тутган ўрни тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорликни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини ўзгартириш,  уларнинг сонини 2-3 баробар қисқартириш бўйича Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсманга шу йилнинг 1 март санасига қадар аниқ таклифлар киритиш ва “Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.

Шунингдек, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига “жиноий уюшма” деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлашдан тадбиркорлар азият чекиб, моддий зарар кўраётганининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 1 апрелга қадар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Мурожаатномада ижро ва ваколатли органларнинг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Яъни, ҳокимларнинг 300 га яқин вазифа ва функцияларидан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифаларига кирмаслигини ва турли идораларнинг функцияларини такрорлашини ҳисобга олиб, Олий Мажлис Сенатида Адлия вазирлиги билан биргаликда ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф ­тайёрлаш топширилди.

Барчамизга маълумки, ҳар бир соҳанинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган иллат бу –коррупция  саналади. Коррупцияга қарши курашишни тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш таклиф этилди.

Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, очиқ-ошкоралик, суд тизими эркинлиги, қонун устуворлиги асосий масала сифатида белгиланаётган бир пайтда ҳар бир давлат идорасида фаолият юритувчи ходимлар давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ҳалоллик вакцинаси”га эга бўлиши лозим. Сабаби, коррупция иллатининг олди олинмас экан, ўз мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Президентимизнинг Мурожаатномасида таъкидланган барча масалалар юзасидан биз келгусидаги вазифаларни белгилаб олдик.

А.Атажанов,

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари.