Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида “Ўзбекистонда сув ва атроф муҳит масалалари бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш ва хамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида тренинг бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги, Европа иттифоқининг Марказий Осиёдаги минтақавий Экологик маркази ва унинг Ўзбекистондаги филиали, “Сувчи” жамоат бирлашмаси томонидан Европа иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини тизимли бошқариб бориш” дастури асосида юртимизда сувдан оқилона фойдаланиш, сув тақчиллигининг олдини олиш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда фермер хўжаликлари ва аҳоли орасида кенг тарғиб этилаётган томчилатиб суғориш, ёмғир ёғдириб, гидрогель гранулардан фойдаланган ҳолда, тупроқ тагидан, қаторларга плёнка тўшаб, янги эгилувчан пластик трубалар ёрдамида суғориш, ана шундай усуллардан ҳисобланади. Сувни тежашда ерларни лазер ускуналари ёрдамида текислаш алоҳида аҳамиятга эга. Мутахассислар бу усулнинг аҳамияти ва ускуналардан фойдаланиш йўллари бўйича маълумотлар берди.
Бундан ташқари, томчилатиб суғоришнинг бутун дунё мамлакатлари ва республикамиз вилоятлари бўйича тақсимланиши, сувни тежайдиган технологияларни татбиқ этишда давлат томонидан бериладиган имтиёзлар борасида сўз юритилди. Юртимизда сувни тежайдиган технологияларни 2025 йилга қадар 1 миллион гектаргача татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Томчилатиб суғориш усулидан самарали фойдаланиб келаётган фермерларнинг сафи кенгаймоқда. Тренинг иштирокчиларига ана шундай фермерлар фаолиятидан видеолавҳалар намойиш этилди.
“Минтақамизда, шунингдек, юртимизда сув ресурслари ва сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётан ислоҳотлар” мавзусидаги тақдимотда инсон ҳаётида сувнинг аҳамияти, ер шаридаги сув, шунингдек, музликлар, ер ости сувлари, кўллар, дарёлар ва сойлардаги сувларнинг миқдори тўғрисида маълумотлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган лойиҳалар тўғрисида сўз юритилди.
“Орол фожеаси ва унинг оқибатларини бартараф қилиш” мавзусидаги тақдимотда Президентимиз томонидан денгизнинг қуриган ҳудудини ўрмонзорга айлантириш борасидаги ташаббуслар эътироф этилди. Ҳақиқатан ҳам Орол муаммоси бугун ҳам ҳудудий ҳам минтақавий ҳам умуминсоний муаммога айланмоқда. Халқаро экспертларнинг фикрича, денгиз тубидан кўтарилган чанг-тўзон ва тузлар музликлар, ўрмонзорлар ва ер шарининг бошқа кўпгина ҳудудларига етиб бормоқда. Ана шундай муаммоларнинг энг асосийси атмосферанинг ўзгаришидир.
Тренинг доирасида “Сувчи” жамоат бирлашмаси томонидан тайёрланган “Сув ресурсларидан фойдаланиш ва табиатни муҳофаза қилиш маданияти” мавзусидаги қўлланма тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



