Нукус шаҳридаги 31-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари катта муваффақиятларга эришиб келаётган нуфузли таълим даргоҳларидан.
Сабаби, мактабда таълим-тарбия ва маърифий ишлар жуда яхши йўлга қўйилган. Энг асосийси, таълим даргоҳида самарали меҳнат қилаётган чуқур билимга эга, изланувчан ўқитувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ана шундай фидоий педагоглар қаторида инглиз тили фани бўйича олий тоифали ўқитувчи Перигул Қидирниязовани фахр билан эътироф этиш мумкин.
У ўзининг бор билимини ёш авлодга чуқур ўргатиб келмоқда. Перигул Қидирниязова мактабдаги инглиз тили фани услубий бирлашмасига ҳам раҳбарлик қилади. Унинг раҳбарлигида 25 нафарга яқин малакали ўқитувчилар инглиз тилидан нафақат мактаб балки республика доирасида ўтказилаётган семинарларда доимий машғулотлар олиб боришаяпти. Шунингдек, муаллима таълим бераётган кўпгина ўқувчилар фан олимпиадаси ва билимлар беллашувларида совриндор бўлишмоқда.
Масалан, 2019 йил ноябрь ойида ўтказилган Writing World Cap миллий олимпиадасида 6-синф ўқувчиси Гулзар Жолдасбаева 2-ўринни ва 7-синф ўқувчиси Дилрабо Бозарбоева 3-ўринни қўлга киритган.
— Бизнинг мактабимизда ўқувчилар билан доимий машғулотлар олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, синфхоналар зарур ўқув қуроллари, мультимедия технологиялари ҳамда янги адабиётлар билан таъминланган. Албатта, бундай қулай шароитлар ҳар қандай ўқитувчига дарсни ҳар тарафлама таъсирчан ва қизиқарли ўтиш имкониятини беради.
Мен шуларни инобатга олиб, имкони борича дарсларни янгича педагогик услуб ва технологияларга таяниб, ўқувчиларга қизиқарли қилиб ўтишга ҳаракат қиламан, — дейди Перигул Қидирниязова.
Изланувчан ва фидоий муаллима Перигул Қидирниязова мактабдаги маданий-марифий, жамоат ишларига ҳам куч-ғайратини аямасдан ҳисса қўшиб келяпти. У мактаб ўқувчиларининг ижодий қобиляти ва тафаккурини ошириш мақсадида «Ёш ижодкорлар» тўгарагини ташкил қилган. Перигул Қидирниязованинг бир қатор илмий публицистик мақолалари республика газеталарида чоп этилган. Бундан ташқари ижодкор муаллима «Йил ўқитувчиси» ва «Ижодкор устоз» кўрик-танловларида муваффақиятли иштирок қилган.
Инглиз тили фани ўқитувчиси Перигул Қидирниязова мактаб жамоаси орасида фидоий муаллима бўлса, оилада меҳрибон аёл. Унинг турмуш ўртоғи Улуғбек Сапарбаев ҳам педагог. Шаҳардаги 51-сонли умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс беради. Улар биргаликда икки нафар фарзандни тарбия қилиб вояга еткизмоқда.
Шундай шукуҳли кунларда Перигул каби аёлларимизни эътироф этиш ўринлидир.



