Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Фавқулодда вазиятлар бошқармасида республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб тузилди.
— Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида давлат чегараларини кесиб ўтувчи 3 та ўринда санитария карантин назорат пункти ташкил қилинди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Данияр Ходжиев. — Бу пунктлар зарур ҳимоя воситалари, дезинфекция препаратлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Шунингдек, мазкур пунктларда Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг эпидемиолог ва Республика юқумли касалликлар шифохонасининг инфекционист-шифокорлари фаолият олиб бормоқда.
Мутахассислар томонидан давлат чегараларини кесиб ўтаётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини аниқлаш ва умумий ҳолатини баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, касаллик аниқланган жойлардан келган ҳар бир фуқаронинг маълумоти олиниб, марказий штабга ва 14 кунлик тиббий назоратга олиш учун юборилмоқда.
Нукус шаҳри ва туманларда 10, Республика юқумли касалликлар шифохонасида 10, Республика шошилинч тиббий хизмат илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида 5, Республика перинатал марказида 5, Республика болалар кўп тармоқли тиббий марказида 5, жами 195 та захира ўрни ташкил қилинди. Касалликка шубҳа остига олинганларни жойлаштириш мақсадида Республика юқумли касалликлар шифохонасида 120 ўрин ажратилди.
Республикамизга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва унинг тарқалишининг олдини олиш бўйича фуқароларни 14 кунлик карантин даврида жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ногирон шахсларни реаблитация ва протезлаш марказида 100, Тахиатош туманидаги санаторияда 50, «Тахиатош» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаториясида 100, Республика болалар саноториясида 250, жами 500 ўрин ташкил қилинди.
Тегишли мутахассислар томонидан жамоат жойларида ва йўловчи ташиш транспортларида ҳар 4 соатдан дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида жойлашган вирусология марказида «Коронавирус» инфекциясига ташхис қўйиш учун барча реактивлар билан етарли даражада таъминланган.
Бутун дунёда СOVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича юзага келган эпидемиологик ҳолат юртимизда бу йўналишда муҳим тадбирларни амалга оширишни тақозо қилмоқда. Шулардан бири мутахассис профессор-ўқитувчилар иштирокида шу йилнинг 14 март куни Республика силга қарши курашиш санаториясида бир қатор вазирликларнинг масъул ходимларига 6 соатлик ўқув дастури асосида семинар-тренинг ўтказилди. Семинарда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали ва ҳудудий бўлимлари, барча шифохоналарнинг қабул бўлимлари ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Чегара қисмлари, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги ва барча даволаш профилактика муассасалари умумий амалиёт шифокорлари, терапевтлар, реаниматологлар, инфекционистлар, шифокор-лаборантлар, қабул бўлими шифокорлари, ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этди. Соҳадаги даволаш муассасаларида ўқув-тактик машғулотлар ўтказилиб, бу бўйича мутахассисларнинг билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Халқимиз орасида коронавирус инфекцияси профилактикаси бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 18 март куни маҳалла ва оила муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борада янги вазифаларни белгилаб берди. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



