Элликқалъада чигит экиш бошлаб юборилди


Жорий йилда Элликқалъа тумани фермер-деҳқонлари 10 минг 740 гектар майдонга чигит экишни мўлжаллаган.

Халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлиги қишлоқ хўжалиги ходимлари, қолаверса бободеҳқонларимиз меҳнатига боғлиқлигини барчамиз яхши биламиз. Улар иқтисодиётнинг ҳам муҳим таянчи ҳисобланади.

Жорий йилда туманимизда 10740 гектар майдонга чигит экилиши режалаштирилган. Айни пайтда 2020 йил ҳосили учун “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Худайберган Эрназаров”, “Гулдурсин” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги ­“Дашқалъа илғори” ва бошқа фермер хўжаликларида экиш ишлари бошлаб юборилди.

— Мўл ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан бири навни тўғри танлаш, —  дейди туман ҳокимининг ўринбосари Илхом ­Юнусов. — Йиллар давомида орттирилган тажрибага биноан деҳқонларимиз бу йил ғўзанинг “Султон” ва бошқа янги навларини экишни режалаштирмоқда.

Жорий йилда туманда 9958 гектар ерга ана шу истиқболли «Султон» нави экилади. 115-120 кунда пишиб етиладиган бу нав 38 ­фоизгача тола бериш хусусиятига эга. Бу фермерларга қўшимча даромад олиш имконини беради.

Бу йил мавсумга пухта хозирлик кўрилди. Мавжуд техникалар экиш ишларига ҳозирлаб қуйилди.

Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов, туман ҳокими ўринбосари Илхом Юнусовлар бободеҳқонларимизнинг мўл ҳосил олиши учун яхши ниятлар билдириб ерга илк чигитларни сепишди.

Шундан кейин деҳқоннинг қўл-қаноти ҳисобланган техникалар ишга тушиб кетди.

Т.НУРИМОВА,

Элликқалъа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.