Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси кўплаб мамлакатлар учун ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди ва одатдаги турмуш тарзига ўзининг таъсирини кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси ҳам бундан мустасно эмас.
Пандемия (юн. pandemos – ёппасига, халқаро) — эпидемик касалликнинг бир мамлакат, бир нечта мамлакат, қитъа ёки континенда ёппасига тарқалиши. Пандемик тарқалиш ҳаво-томчи йўли билан юқиб, инкубацион даври қисқа юқумли касалликларга хос. Грипп касаллиги бунга мисол бўла олади.
Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб мамлакатларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида карантин жорий қилинди.
Карантин – маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуидир.
Карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор бериш ва уларни ижтимоий ҳимоялаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, ҳар қандай мамлакатда етим-есирлар, ногиронлар, ёлғиз қариялар, муҳтож кимсалар, кўп болали оилалар, кам таъминланганлар, пенсионерлар, фахрийлар, ёш болали оналар ижтимоий ҳимояга дахлдор тоифалар доирасига киритилган.
Ижтимоий ҳимоя – бу шахснинг жинси, миллати, ёши, яшаш жойи шунингдек, бошқа ҳолатлардан қатъий назар ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва кафолатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатидир.
Ўзбекистоннинг давлат бюджетида махсус “Ижтимоий ҳимоя” банди белгиланган бўлиб, бу дунё тажрибасида камдан-кам учрайди. Зеро, ўзбекона миллий қадриятларни бу каби инсонпарварликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бюджетда кўзда тутилган харажатлардан ташқари, ҳукуматимиз томонидан ҳар йили ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтиришга қаратилган махсус қарорлар қабул қилинмоқда. Коронавирус пандемияси даврида давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратилди ва бу борада ўта муҳим вазифалар амалга оширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг олдини олиш мақсадида ўз вақтида тезкор чоралар қабул қилинди ва муайян ишлар амалга оширилди ҳамда бир қатор чекловлар жорий этилди. Шунингдек, карантин даврида қатор имтиёзларни ўз ичига олган тегишли фармонлар, қарорлар ва муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, 2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги фармони қабул қилинди.
Ушбу фармонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилган:
– жорий йилнинг март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттириш;
-ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхатини карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдириш;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5938-сон фармонига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритиш.
Шунингдек, фармоннинг 19 бандида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, шу жумладан қуйидагиларга қаратилган ўзгартиришларни киритиш топширилган:
-ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларни камайтириш;
-давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш ва бошқалар.
-Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш, шунингдек, ижтимоий ёрдамга ўта муҳтож бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун тегишли кўмакларни жалб қилиш бўйича тезкорлик билан чоралар кўриш.
Шунингдек, 2020 йил 19 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони қабул қилинди ва унга асосан республика Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди. Фармонда аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу жумладан, қуйидагилар учун қўшимча маблағлар ажратиш кўзда тутилган:
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш;
– Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига жамоат ишларини кенгайтириш;
– “Ишга марҳамат” мономарказларини ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантларини касбга ва тилга ўргатишни ташкиллаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш.
Бундан ташқари, фармонда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қуйидаги вазифаларни амалга ошириш топширилган:
-14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга ошириш чораларини кўриш;
-мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этиш;
-карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.
Бугунги кунда давлат органлари томонидан нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик муносабатлари биргаликда чоралар кўриш шаклида амалга оширилмоқда.
Ижтимоий шериклик — бу уч секторнинг манфаатларини мувофиқлаштириш ва келишувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорликдир. Ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан эҳтиёжманд аҳоли зарур маҳсулотлар ва дори-дармон воситалари, тиббий ниқоблар ва антисептик воситалари билан таъминланди. Бундай хайрли ишлар нафақат давлат, нодавлат ташкилотларининг, балки ҳар бир кишининг инсоний бурчи ва вазифасига айланди.
Бу борада Ўзбекистонда карантин пайтида якка тартибдаги хайрия акциялари ҳам ўтказилди. Эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли тарзда етказиш тадбирлари марказлашган тартибда ташкил қилинди. Бу вазифани эса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил қилинган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази амалга оширди. Ижтимоий ёрдам маҳсулотлари маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари, шунингдек, карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларнинг оилаларига етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди ва вақтинча ишламаётган, ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади ҳамда Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, Президентимиз Рамазон ойи хусусида тўхталиб, «Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ», – дея таъкидлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали ишлар айнан жамиятимизда инсон омилининг биринчи ўринда туришидан далолат беради. Давлатимиз томонидан тезкорлик ва аниқлик билан қабул қилган чора-тадбирлар юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ҳамда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда ўта муҳим ахамиятга эга бўлди. Ўз ўрнида тадбиркорлик субъектлари ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун хайриялар ташкил қилиб, мамлакат келажаги, халқимиз фаровонлиги йўлида бу мураккаб синов даврини енгиб ўтишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Алишер Палваниязов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, социология фанлари бўйича фалсафа доктори.



