9 май — Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам карантин қоидаларига мувофиқ нишонланди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари жойлардан туриб, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида онлайн видеоалоқа орқали ўтказилган байрам тадбирида иштирок этди. Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан байрам табригида қорақалпоғистонлик уруш қатнашчилари тўғрисида билдирган илиқ фикрлари барчамизда чексиз фахр ифтихор туйғуларини уйғотди.
1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушига кўп миллатли Ўзбекистон халқи қатори Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам 66 мингдан ортиқ азамат ўғлонлар отланган бўлса, шундан 34 мингга яқинига туғилган юртига қайтиш насиб қилмади. Шунингдек, бутун халқимиз уруш йилларида “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” шиори остида фронт ортида фидокорона меҳнат қилди.
Бугунги кунда 11 нафар уруш қатнашчисигина орамизда. Шулардан бири қонликўллик Оразбай ота Наметуллаевдир. У фашизмга қарши курашда мардлик ва жасорат кўрсатган. Украина, Молдова, Венгрия давлатларини озод қилишда қатнашган кунларини кўзида ёш билан хотирлайди. Юз ёшни қаршилаётган отахонга бугунги тинч ҳаётни кўриш насиб этиб, бахтли замонда кексалик гаштини сурмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов уруш қатнашчисини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан қизғин табриклади. Фахрийга 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги” медаллари, “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб-альбоми, “Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари” номли китобни топширди.
Шу куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳри Хотира майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳарбий хизматчилари номидан гулчамбарлар қўйилди. Карантин сабабли тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмаган бўлса ҳам байрам ҳар бир оилада нишонланди. Юртимиз тинчлиги, фарзандларимизнинг бахтли келажаги, халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида жонини фидо қилган уруш қатнашчиларининг, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларнинг қаҳрамонликлари ёд этилди.
Уларнинг мардлиги ва кўрсатган жасорати асло унутилмайди, ҳамиша халқимизнинг ҳурмат эътиборида бўлади.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.
М.Ҳабибуллаеволган сурат.



