Электрон ҳукумат ҳақида янада кўпроқ билайлик


Бугунги ривожланган асримизда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш ҳар бир давлат ва ҳар бир шахс учун муваффақият калитидир. Зеро, янги техника-технологиялардан хабарсиз қолиш, ўсишдан тўхтаб қолиш демакдир. Дунёнинг деярли барча давлатларида электронлаштирилган давлат хизматлари ишга туширилган ва уларнинг самараси барчани ҳайратга солмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши ҳам бежизга эмас.

Ҳозирги даврда ҳар бир ишчи ходимнинг иши кўп, лекин вақти чегараланган. Энди эса биз буларни ўйлаб сиқилишимизга ҳеч ҳам ҳожат йўқ. Электрон ҳукумат тизими ҳар бир шахс учун қайғуради ва барча хизматларни тақдим қилган ҳолда, ариза берувчиларнинг сўровларини кўриб чиқади ва уларнинг муаммоларини қисқа муддатда ҳал қилади. Шу нуқтаи назардан айтганда, бугун “Электрон ҳукумат” деган тушунча кундалик турмушимиздан чуқур ўрин эгалламоқда. Гарчи республикамиз аҳолисининг ҳаммаси ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлмаса-да, вақт ўтиши билан ушбу тизим жамият ҳаётининг бутун жабҳасини қамраб олишини дунё тажрибаси кўрсатаяпти.

Шу ўринда электрон ҳукумат тарихига қисқача тўхталиб ўтсак, “Электрон ҳукумат” тушунчаси  1990 йилларнинг  бошида пайдо бўлган, лекин амалиёт­га сўнгги йиллардан бошлаб татбиқ қилина бошлади. Электрон ҳукуматни ишлаб чиқиш билан биринчи галда АҚШ, ­Англия ҳамда Италия, Норвегия, Сингапур, Австралия ва айрим бошқа давлатлар (Франция, Германия, Қатар, БАА ва ҳоказо) шуғулланишган.

Мазкур тизим тўғрисида янада кўпроқ билишимиз учун, унинг йўналишлари ва асосий вазифалари билан танишамиз. Электрон ҳукумат фаолияти уч йўналишда белгилаган. Яъни, “Давлат – давлат”, “Давлат – бизнес” ва “Давлат-фуқаро” йўналишларини қамраб олади. Ушбу тизим идораларора самарали ахборот алмашишни йўлга қўяди, Президент қарор ва фармонларининг ижросини янада тезлаштиради ва ижро сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Бизнес соҳасида ушбу тизим тадбиркорлар учун кенг йўл очиб берди. Яъни, бизнесни рўйхатга олиш, солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини, божхона декларацияларини топширишда тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалди. Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари тўғрисида умумий маълумот келтирадиган бўлсак, тизим давлат органлари иш фаолиятининг тезкорлиги,  шаффофлигини ва улар устидан қаътий назоратни олиб бориш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи фуқароларга қулайлик яратган ҳолда давлат идоралари билан ўзаро муносабатларини бемалол уйида ўтирган ҳолда амалга ошириш, бюрократизмни йўқ қилиш, тадбиркорлар Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотларини сотиш ёки харид қилиш ишларини янада қулайлаштириш, имкониятлар яратиш ва масофадан туриб тегишли органларга электрон тўловлар ўтказиш каби ҳозирги кундаги жисмоний ва юридик шахсларнинг муомоларини ҳал этиш ва уларга янада кенгроқ хизматлар тақдим этишдан иборатдир.

Хўш, мазкур тизим хорижда қандай йўлга қўйилган? деган саволлар туғилиши табиий. Келинг ҳозир электрон ҳукумат тизими хорижда қандай ишга туширилганлиги ҳақида гапириб ўтсак.

Бугунги кунда электрон ҳукумат тизими Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Норвегия, Канада, Нидерландия, Дания ҳамда Германия сингари мамлакатларда ўз самарадорлигини кўрсатмоқда. Ушбу мамлакатларда жуда кўплаб давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда, онлайн режимида фойдаланиш мумкин. Давлат органларига сўровларга жавоблар, турли тўловлар, расмий ҳужжатларнинг намунасини олиш, уларни тўлдириш, электрон имзо билан юбориш, олий ўқув юртларида масофадан туриб таҳсил олиш, ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат этиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Масалан, Жанубий Кореяда шахслар расмий сайт орқали ўзининг мурожаати кўриб чиқилиши қайси ­босқичда эканлигини кузатиб бориши мумкин.

Кейинги навбатни энг асосий масала бўлган, электрон хизматлар ва рақамли технологияларнинг ҳозирги даврда дунё бўйича ва давлатимиз учун қанчалик аҳамиятлиги ҳақида сўз юритсак. Бугунги шароитда электрон ҳукуматнинг нақадар долзарблигини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 11-май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишдан ҳам билишимиз мумкин. Мазкур йиғилишда жорий йилнинг 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарорининг ижроси бўйича ҳам мулоҳаза юритилди. Яъни ҳужжатга мувофиқ, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида рақамли иқтисодиёт билан шуғулланувчи яхлит тизим яратилди. Жумладан, “Электрон ҳукумат” иқтисодиёт тармоқлари ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, IT парклари ташкил этиш ва бошқариш каби вазифалар тўлиқ вазирлик ваколатига ўтказилди. Шу билан бирга, қарорда янги лойиҳаларнинг молиявий манбалари ҳам аниқ кўрсатилган. “Электрон ҳукумат” доирасида 1,3 триллион сўмлик 104 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, йиғилишда хизматларни рақамлаштириш борасидаги ҳозирги аҳвол таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, давлат идораларида мавжуд 700 дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи “Электрон ҳукумат” тизимига уланганлиги ҳам келтириб ўтилди. Йиғилишда Шавкат Мирзиёев “Бу ишларни келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширмасак, ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йилга орқага қайтаради”, дея таъкидлади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, электрон ҳукуматнинг ва рақамли технологияларнинг ҳозиргидек пандемия шароитида ҳам нақадар муҳимлиги ҳаммамиз учун яна бир бор исботланди. Таълим, давлат хизматлари, давлат бошқаруви тизими, савдо ва хизмат кўрсатишнинг ҳаммаси рақамли иқтисодиёт билан боғлиқлиги яққол кўриниб қолди. Йиллар давомида масофадан кўрсатилмаган хизматлар саноқли кунларда онлайн шаклга ўтказилди.

Агар биз ҳар куни, ҳар соатда янги билим ва кўникмаларни эгаллаб борсак, бизнинг давлатимиздан ҳам юксак, ривожланган давлат дунёда бўлмайди.

Келинг, дўстлар ҳозирдан замонавий билимларни ўрганайлик. Зеро, “Ватан менга нима берди деб эмас, мен Ватанга нима қилдим!” шиори остида яшаш ҳар биримиз учун олий ­бурчдир.

Улзада Калимбетова,

Давлат Божхона қўмитаси божхона институти 2-курс курсанти.