Ҳар бир инсонга муносиб турмуш даражасини яратиб бериш давлат органларининг асосий вазифаларидан биридир.Тахиатош тумани “Кенегес” ОФЙ даги Айтқусли овулида истиқомат қилувчи 58 нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида эканлиги, яъни, бу ердаги электр тармоқлари симлари ҳудуд аҳолиси томонидан қурилган таянч ёғочларига ўрнатилиб, бу бир неча йилдан буён аҳоли ҳаётига хавф туғдириб келаётганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тахиатош туманидаги Халқ қабулхонасига билдирилган мурожаатида ҳудуд аҳолиси ушбу масалани кўтарди.
— Албатта, бажарилиши лозим бўлган ишларга давлат томонидан пул ажратилишига ўрганиб қолганмиз. Лекин ушбу ҳудуд аҳолиси бир бирларига ёрдам бериб, хашар йўли билан уйлар қурган, — дейди туман Халқ қабулхонаси раҳбари Д.Наўризбаев. — Биз мана шундай муаммоларни ҳал этишда азалий қадриятларимиз асосида ҳаракат қилдик.
Тахиатош тумани Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ушбу ҳудуддан сайланган депутатлар, сектор раҳбарлари, электр тармоқлари корхонаси ҳамда ҳудуд аҳолиси ёрдамида бу ерга 15 дона ёғоч устунлар ўрнатилди. Электр симлари юқоридан тортилди.
Бу ишларнинг сифатли бажарилишида қабулхона ходимлари, давлат органлари раҳбарлари ҳам фаоллик кўрсатишди.
Мана шундай амалиёт туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиб, аҳоли муаммоларини ижобий ҳал этиш режалаштирилмоқда.
А.Жиемуратов.



