Бугунги кунда давлатимиз томонидан таълим-тарбия соҳасини модернизациялаш, таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, инновацион технологиялар ва дастурларни кенг жорий этиш, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари, ишланма ва қўлланмаларни ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш масалаларига ҳам долзарб, ҳам устувор масала сифатида қаралмоқда.
2018 йилнинг – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланиши, ўз навбатида таълим муассасалари ходимлари, яъни, олимлар, илмий тадқиқотчилар олдига ҳам кечиктириб бўлмайдиган улкан вазифаларни қўйди.
Ҳақиқатдан ҳам, Президентимиз томонидан ўтган қисқа давр ичида таълим ва тарбия соҳасига оид имзоланган бир қатор қарор ва фармонлар негизида айни таълим-тарбия жараёнини жаҳон андозаларига мос равишда тубдан такомиллаштириш, таълим сифати ва мазмунини модернизация қилиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ҳар томонлама етук рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда педагог кадрларнинг касбий маҳоратини изчил ошириш билан бирга инновацион технологияларни кенг жорий қилиш масаласи турганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва бошқа қарорлар фикримизнинг далилидир.
Дарҳақиқат, бугун «инновация» сўзи ҳар қачонгидан ҳам жуда кенг қўлланилмоқда. Инновацион метод – ёшларга замонавий билим бериш ва уларда амалий кўникмани ривожлантиришда энг асосий воситадир.
Таълим-тарбия жараёнида илғор педагогик технологияларни қўллашда замонавий ахборот технологиялари кенг имкониятлар яратмоқда. Инновацион технологиялар ҳамда замонавий услублар эса таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириб, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, мазкур инновацияларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан таълим муассасасида амалга оширилаётган инновацион фаолиятнинг тўғри ташкил этилганлигига боғлиқдир.
Бугун инновацион ғояларга таяниб иш тутиш ниҳоятда долзарб ва муҳим. Ўз навбатида самарасиз, эскича анъанъавий усуллардан воз кечиб, тизимда шаклланган, ҳар томонлама ўзини оқлаган янгича усуллардан фойдаланиш даркор. Бу эса ўрганишлар, изланишлар, ташаббуслар ва янгиликлар асосида юзага келиб, соҳани ривожлантириш учун хизмат қилади.
Нукус давлат педагогика институтида ҳам 6 та бўлимдан иборат «Инновацион ғоялар» марказини ташкил қилиш юзасидан бир қатор амалий ишлар олиб борилди.
Жумладан, илмий ишларни мувофиқлаштирувчи бўлим, дарслик ва ўқув қўлланмалар яратишни назорат қилиш бўлими, Грант-лойиҳалар ва патент ихтиролар яратишни ташкил этиш бўлими, ёш олимлар билан ишлаш бўлими, китоб тарғиботи бўлими, институт газета ва журналида ҳамда сайтида «Таълим-тарбияда инновацион янгиликлар» рубрикаси бўйича ишлаш бўлимлари ташкил қилинмоқда. Албатта, юқорида номлари келтирилган бўлимларнинг ташкил қилиниши жорий йилнинг 5 июнь куни Муҳтарам Президентимиз томонидан «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган, бугунги кунда олий таълим тизимига қўйилаётган долзарб вазифаларни сифатли ва тизимли амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, таълим жараёнида дoимий равишда эски, анъанавий услублардан фойдаланиш бўлажак мутахассисларнинг нафақат ўзлаштириш даражасини пасайтирмоқда, балки меҳнат бозорида ҳам талабга жавоб бермаслигига сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда таълим соҳасидаги кучли ва изчил сиёсат, бир томондан, жаҳон таълим стандартларининг юксак даражасига эришишга қаратилган бўлса, иккинчи томондан эса — халқимизнинг маънавий-маданий қадриятлари ва ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда олиб борилаётганлигини таъкидлаш зарур.
Эндиликда таълим жараёнида интерактив методлар, инновацион технологиялар, педагогик ва ахборот технологияларини ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш, ўрганиш, эътибор кундан-кун кучаяди, негаки, шу вақтгача анъанавий таълимда талабаларни фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологиялар эса, уларни эгаллаётган билимларни ўзлари қидириб топишларига, мустақил ўрганиб таҳлил қилишларига, хатто хулосаларни ўзлари чиқаришларига ўргатади. Муҳими, таълим жараёнида талаба асосий бўғинга айланса, педагог бу жараёнга шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади. Шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик вазифасини ҳам бажаради.
Инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, таълим муассасалари, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион бўлимлар ташкил қилиш ҳамда уларни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, илм-фанннинг саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Демак, келажакда таълим тараққиётини ҳаракатлантирувчи стратегик куч сифатида инновацион таълим – ўқитувчи фаолиятини тубдан янгилашга, таълим-тарбия жараёнини мақбул қуришга, улуғ боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялашга, уларда эркин фикрлилик, билимга чанқоқлик, Ватанга садоқат, инсонпарварлик туйғуларини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Қувондиқ Қодиров,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.



