Яқинда Беруний, Чимбой, Нукус, Мўйноқ, Шўманой ҳамда Кегейли туманларида Президент Администрацияси масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий суд раҳбарлари, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Мактабгача таълим, Турар жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Автомобиь йўллари давлат қўмитаси, Марказий банк, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциадорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вазирликлар ва муассасалар, ҳудудий сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди.
Сайёр қабулларда жами 1233 нафар фуқароларнинг 1258 та масала бўйича мурожаатлари қабул қилинди.
Мазкур мурожаатларнинг 566 таси жойида ижобий ҳал этилди, 21 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди ҳамда 478 та мурожаат кўриб чиқилиши учун назоратга олинди.
Жумладан, қабул давомида сайёр суд йиғилишлари ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда 37 нафар фуқаро жазодан озод қилинди ва 10 нафар фуқаронинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг 2020 йил 18 июнь кунги ажримига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг “б,д” бандлари билан айбдор деб топилиб, Жиноят Кодексининг 57,60,61-моддалари тартибида 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўйича судланган маҳкум С.Одамова колония маъмурияти томонидан яхши хулқ-атвори ҳақидаги тавсифномага мувофиқ Жиноят Кодексининг 74-моддаси 3-қисми “в” бандига асосан ўталмаган 1 йил 11 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини шу муддатга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаш йўли билан аҳлоқ тузатиш жазосига алмаштирилди.
Шунингдек, 13 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар кўрилиб, ҳуқуқбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилди ва жавобгарликдан озод қилинди. 7 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 271-моддаси 11-бандига асосан тугатилиб, жавобгарликдан озод этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида 280,1 миллион сўмлик жами 10 та даъво ариза кўриб чиқилиб, уларнинг фойдасига 223,5 миллион сўмлик 9 та даъво аризаси қаноатлантирилди.
Прокуратура органлари томонидан қабуллар давомида 85 та мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 15 таси жойида ўз ечимини топди. Жумладан, Нукус туманида яшовчи Р.Реймованинг мурожаати бўйича Нукус тумани ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорига протест келтирилиши таъминланди. Ушбу туманда яшовчи Р.Шукуруллаевнинг шоли сотиб олиш учун фуқаро Б.Аллаяровга берган 57 миллион сўм пули ундириб берилди. Мўйноқ туманида яшовчи фуқаро А.Курманованинг фарзанди Р.Кошербаевга ҳарбий хизмат пайтида жароҳат олганлиги бўйича компенсация пули тўланиши масаласи ҳал қилинди. Чимбой туманида яшовчи фуқаро С.Тилеумуратовга чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 30 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди.
Ички ишлар вазирлигига ижтимоий-ҳуқуқий ва маиший масалалар бўйича 7 та, ички ишлар органлари собиқ ходимларини ишга қайта тиклаш бўйича 25 та, суриштирув ва тергов бўйича 5 та, фуқаролик ва паспорт-виза бўйича 34 та, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича 3 та, жазони ижро этиш билан билан боғлиқ 2 та, ходимларнинг хатти-ҳаракати юзасидан 10 та мурожаат қабул қилинди. Шундан, 2 нафар фуқаро профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинди, 2 фуқаро ички ишлар органларига ишга қабул қилинадиган бўлди. 1 нафар хорижий фуқаро ва 1 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномаси, 21 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти расмийлаштирилди. Шунингдек, 2 нафар фуқаронинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти олиш учун тўлов пуллари тўлаб берилди.
Нукус тумани 3-сектор ҳудудидаги «Токтов» овул фуқаролар йиғинида яшовчи, ногиронлиги бўлган фуқаролар Шарибой Досназаров ва Зайнаб Ганиевага ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулоти, «Кердер» овул фуқаролар йиғинида яшовчи чин етим Жасур Дарибаевга 1 дона “Ноутбук” совға қилинди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан сайёр қабуллар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб- қувватлаш ва ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида ишсиз, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 15 нафарига тикув машинаси, 13 нафарига микро тўлқинли печ топширилди. Тадбир доирасида 28 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 9 нафарига ногиронлик аравачаси ва 1 нафарига эшитиш мосламаси берилди.
Амударё тумани «Қипчоқ» овул фуқаролар йиғини «Бештом» аҳоли пунктида яшовчи фуқаро Шавкат Кенжебаев раҳбарлик қилиб келаётган “Fayz Amudaryo” оилавий корхонасига қарашли оҳак цехи “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” МЧЖ томонидан табиий газ билан таъминланди.
Қабул давомида 25 километр масофадаги йўлни таъмирлаш бўйича мурожаат келиб тушди ва ечими назоратга олинди. Жами 3 та трансформатор ва 2,1 километр электр линияси янгиланди.
Тадбир давомида давлат-хусусий шериклик асосида оилавий боғча очиш истагини билдирган 60 нафар тадбиркорнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилди ҳамда улар билан битимлар имзоланди. Натижада республикамизда мактабгача таълим соҳасида 1500 қўшимча ўрин яратилди ҳамда 150 нафар хотин қиз учун янги иш ўрни ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролардан банк соҳасига тегишли жами 44 та мурожаат келиб тушган. Шундан 8 та мурожаат жойида ижобий ҳал қилинди. Нукус шаҳрида жойлашган “Куантум констракшн” масъулияти чекланган жамияти томонидан мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан 1 миллиард 800 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Қолган мурожаатлар банк мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Тадбир давомида бандлик масаласида 101 нафар фуқоранинг мурожаати тўлиқ кўриб чиқилди ва 43 нафарига ишга жойлашишга йўлланма берилди. Жумладан, Тўрткўл тумани, “Боғёп” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, бир йилдан берли ишсиз юрган фуқаро Н.Джуманиязова туман тиббиёт бирлашмасига, Чимбой тумани “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинидан Қ.Уразалиев туман Ветеринария бўлимига, Мўйноқ тумани “Мўйноқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А. Асенов тумандаги “Ёнғин хавфсизлиги” МЧЖга ишга жойлаштирилди. Қолган мурожаатлар назоратга олинди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Амударё, Беруний, Элликқалъа ҳамда Тўрткўл туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.
Ушбу сайёр қабуллар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилди.
Беруний тумани Ў.Жуманиязов МФЙ да ўтказилган қабул карантин талабларига мувофиқ олиб борилди. Мурожаатларнинг кўпчилиги асосан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, банкдан имтиёзли кредит олиш, ишга жойлашиш каби масалалардан иборат бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан жойида ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э.Боситхановага ўз муаммолари юзасидан 10 нафар фуқаро мурожаат қилди. Жумладан, Беруний тумани “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги “Алпомиш” кўчасида яшовчи С.Абдукаримова, Элликқалъа тумани “Қошқўра” МФЙ ҳудудидаги “Юзукчи” кўчасида истиқомат қилувчи Б.Шерипов, Амударё тумани “Гулзар” МФЙ ҳудудидаги “Истиқлол” кўчасида яшовчи М.Бердибаеваларнинг тикув машинаси билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Улар тикув машиналари билан таъминланди.
Қолган 6 нафар фуқаронинг мурожаатлари тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинди. Бир нафар фуқарога ҳуқуқий маълумот бериш орқали муаммоси ижобий ечим топди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




