ЭНГ ФАОЛ КИТОБХОНЛАР АНИҚЛАНДИ


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Нукус шаҳар бўлинмаси грант ғолиби бўлган эди. Бугунги кунда бу ерда «Жисмоний имконияти чекланган шахслар (айниқса ёшлар) ни ўзбек, қорақалпоқ ва жаҳон адабиётини мунтазам ўқиб боришга ундаш» деб номланган лойиҳа доирасида турли хил тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири “Энг фаол китобхон” танловидир.

Юртимиздаги карантин шароити сабаб ушбу танлов жорий йилнинг июнь ойида телеграмм тармоғи орқали “Китобхонлик мусобақаси” гуруҳида онлайн ўтказилди.

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу танловда республикамизнинг барча туманлари ҳамда Нукус шаҳридан ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача кўриш қобилиятида нуқсони бўлган 14 нафар ёшлар иштирок этди. Танловда ўзбек, қорақалпоқ ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара асарларидан намуналар мутолаа қилинди.

Танлов асосан учта шарт бўйича ўтказилиб, бунда иштирокчининг китобларни ўзлаштиришдаги топқирлигини аниқлашга оид бешта савол-жавоб, бадиий асардаги образ таҳлили ҳамда ифодали ўқиши эътиборга олинди.

Танлов якунида 1-ўринни Ўрозали Есемуратов, 2-ўринни Элбурус Элмуратов ҳамда 3-ўринни Муҳаммадали Бердимбетов қўлга қиритди. Биринчи ўрин ғолиби Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг I даражали дипломи, музлаткич ҳамда китоблар жамланмаси, иккинчи ўрин ғолиби II даражали диплом, телевизор ҳамда китоб­лар жамланмаси, шунингдек, учинчи ўрин ғолиби III даражали диплом, кир ювиш машинаси ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди. 

Совғалар Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Нукус шаҳар бўлинмаси раиси Абатбай Досшанов раҳбарлигида ғолибларнинг уйларига етказиб берилди.  Қолган иштирокчилар эса китоблар жамланмаси билан тақдирланишди.

Зарина ОЛИМОВА.