«Қаҳрамон халқимнинг Қаҳрамон раҳбари» бўлдинг Ҳали тупроғи совимаган қабр бошидаги хотиралар


Якунланмай қолган ўн тўққизинчи… бошланмаган йигирманчи йил. Муса Тажетдинович Ерниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси бўлиб сайланган 2002 йил 2 майидан буён, унинг ҳаётидаги тарихий вақт шу йилнинг ўттиз биринчи июли, муборак Ҳайт байрами, ҳафтанинг жума куни шу тариқа якун топди.

Бу ўтган давр, халқи сайлаган эл раҳбарининг туғилиб ўсган она-Ватанига, тарбиялаб, билим берган халқига бутун умрини бағишлаб, жон-тани билан хизмат этишдек азаматлик йўл бўлиб қолди.

Тарих “Улуғ” деган баҳони орадан узоқ вақт ўтиб беради. Мен, Муса Ерниязов улуғ инсон бўлиб ўтди деб, унинг қабр тупроғи совимай туриб айтмоқчиман.

Суверен Қорақалпоғистон Республикасига у раҳбарлик қилган йиллар бугунги ва келажак авлод айтиб юрадиган, бажарган улуғ ишлари, тўплаган бой тажрибаси, халқимизнинг фаровон ҳаёти, юртнинг ёрқин келажаги йўлидаги қутлуғ қадамларида давом этиши сўзсиз.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Янгиланган Ўзбекистон таркибида жаҳон цивилизациясига қоришиб, тараққиёт йўлига тушган бўлса, унга Ерниязов раҳбарлик қилган давр локомотив бўлиб қолаверади.

Муса Тажетдинович раҳбарликка киришган вақтда Қорақалпоғистонда давлатга пахта, ғалла топшириш сўнгги ўн  йиллар давомида бажарилмай келган бўлса, биринчи марта 2004 йилнинг 26 октябрида бажарилиб, 2005 йили 26 иш кунида Ўзбекистонда биринчи бўлиб бажарилганини эсласак, шундан бугунги кунга қадар фақатгина олдинги сафда, дастлабки учта ўриннинг биридан қуйи тушган эмас.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1997 йили Тимур Камаловни Жўқорғи Кенгес Раиси сифатида сайлаш мақсадида  ташриф буюрганида маърузада Қорақалпоғистон Ўзбекистон ғазнасидан 9 миллиард сўмдан ортиқ дотация олади, бу унинг бюджетининг 75 фоизини ташкил этади, деди. Бу Ерниязов фаолият бошлаган пайтда ҳам унчалик камайгани йўқ эди. Орадан уч йил ўтиб, катта саноат корхоналарининг ишга тушиши, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусий тадбиркорлик уч ҳиссага ўсиб, 60 дан ортиқ ер ости қазилма бойликларини ундириш ташкилотлари, 30 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиб, солиқ ундиришдаги катта камчиликларни бартараф этиш, халқ хўжалигининг барча соҳалари комплекс ривожланишини таъминлаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ўзини ўзи таъминлайдиган,  2007 йилдан бошлаб дотация олмайдиган юртга айланди.

Бугунги кунда республикада ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизга яқинини саноат корхоналари, 60 фоизини кичик ва ўрта бизнес берадиган, кириб келаётган инвестицияси 1,5 трл.сўмга, экспорти 100 миллион АҚШ долларига тенг, иқтисодиёти юксалиб бораётган элга айланди. Барча шаҳар ва туманларда, айниқса, пойтахт Нукус шаҳрида замонавий архитектура асосида қад ростлаган гўзал, кўркам бинолар сўзсиз Муса Ерниязовга бағишланган хотиралар тимсолида гавдаланади.

Адолатли, бир сўзли, ҳеч қандай дабдабаларсиз, куну-тун фақатгина халқ ғами билан яшаб, барчага тенг раҳбар бўлди. Ҳаётлигида унинг халқ учун қилган хизматларига юрагимиздаги самимий сўзларимизни, халқимизнинг юксак ҳурмати ва ихлосини айта олмадик. Муборак 70 ёшга тўлган куни айтармиз деб тайёрланиб юрганимизда “мени табрикловчиларга селектор йиғилишидан бурун беш дақиқагина вақт ажратилади”, деб барчасини қисқартириб ташлади, юбилей берилмади. Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олгандан кейин фақат бир мартагина, у ҳам бўлса Президентимиз маслаҳатчиси Турсинхан Ҳайдарович Худайбергеновнинг дўстларча қатъий талаб қилиши билан Мўйноқ шаҳрида ўтказилган республика ёшларининг катта анжуманида тақиб чиқди. Муса Ерниязовнинг халқ манфаати учун хизмат қилишдан бошқа шахсий ҳаёти учун яшаганини кўрмадик. Тўй-хашамларда бемалол ёзилиб ўтирадиган, байрамларда, тантаналарда, салқин саройларга сайранлаб келадиган, республиканинг бошқа мутасадди раҳбарлари, ҳокимлар, вазирларнинг баъзи бирларини қариндош ёхуд овулдош кўриб ажратган одам эмас эди. Ўзбекистон Қаҳрамони бўлганидан кейинги йиғилишларда, ҳали уни кўрмаган раҳбарлар: «Бу бутун халқимизнинг фахри, унвонингиз қутлуғ бўлсин!» деганларида ёш боладай қимтиниб, “Қўйсангизчи энди” деб турганларингиз   ёдимизда узоқ сақланиб қолади.

Ўтган йилнинг ёзида, Элликқалъа туманидан 200 км масофадаги, жами 70-80 хўжалик яшайдиган “Шуқурқақ” овулига вертолёт билан бордик. Асосий масалалардан бири, шимолий туманларнинг зах сувини Тахтакўпир томонга оқизиб турган бош захкаш йиқилиб, овул аҳолисининг қадим “Сари хўжа” қабристонини сув босиб кетган. Шуни қандай қилиб тиклаш бўйича “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” эканини исботлаб, янги усул топгани, овулга бориб, уйма-уй кириб, туман марказидаги бир қатор ташкилотларнинг шу ҳудуддаги бўлимларини очдириб, хотин-қизларни ишли қилгани, ер остидан сув чиқарадиган насос станциясининг фақатгина эрталабки вақтда 2-3 соатгина ишлаш имкониятини икки ҳиссалаб, аниқ қўлга ушлатгандек қилиб ҳал қилиши, орадан икки кун ўтиб Тахтакўпирнинг олис ҳудудларига бориб, 40-50 нафар бола учун йўқ жойдан боғча очиб, тумандан озиқ-овқат ташийдиган транспорт қатнови, алоқа ва сувсизлик масалалари ҳал этилмагунча кечга қадар ўтирганимиз, 2019 йилнинг 1 январида янги йилни Орол денгизи тубида, 20 градус совуқда ҳар бир вилоятдан келган ҳашарчиларни табриклаб, самарқандликлар ўзлари олиб келиб ўрнатган арча атрофида ўйнаганларингиз, Нукусдан 450 километрдаги “Қарақалпақстан” посёлкасига ҳафтасига, Мўйноққа кунора қатнаганингиз, гоҳида ёш вазирларнинг ҳам бирга бормагани, Сизнинг салобатли сийратингиз, ҳорғин ёки жаҳл устида турганингизда ҳам ўзгармайдиган, бирдек эшитиладиган  ўктам овозингиз, гоҳида ёши кичикларга ҳам “Қани жўра, бери кел” деб чақириб олишларингиз ҳар биримизнинг, халқимизнинг ёдида узоқ сақланиб қолади.

Сиз, ҳеч қачон унмайдиган нарсани, битмайдиган ишни топширмагансиз. Баъзида ҳижолатликдан ёки сизнинг кўнглингиз учун “Оқсоқол, бу ишни бажараман” деганларга кулиб: “қўлингдан келмайдиган, умуман бир ўзинг бажара олмайдиган нарсани айтма” деганларингиз кўпгина раҳбарларга тарбия эди.

Сиз, улуғ раҳбар, ҳақиқий тарбиячи, ҳар томонлама намунали инсон эдингиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев сизнинг қабрингиз бошида туриб, Қорақалпоғистон халқи Орол бўйларида мана шундай сабр-бардош, мустаҳкам оғизбирчилик билан қаҳрамонларча меҳнат  қилмоқда. Муса Тажетдинович мана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди. Дунёга бир келган улуғ инсон бўлиб ўтдингиз, — деди. Бутун юртимиз халқининг кўнглидаги тилаклари ҳам шу эди.

Ётган она тупроғинг жаннат, муродинг ҳосил бўлсин. Шарофатинг бундан кейин ҳам халқингга тегсин. Алвидо, халқимнинг ардоқли фарзанди!

Шарап Уснатдинов,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.