Сўнгги йилларда Республикамиз шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқларининг қиёфаси тамоман ўзгариб, мақсадли дастурлар доирасида арзон намунавий уй-жойлар, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа, шунингдек, инфратузилма объектлари ва йирик иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда.
Бу ишларда Нукус шаҳридаги «BAXIT MIRATDIN QURILIS» масъулияти чекланган жамияти жамоаси ҳам жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқда. Касб байрами арафасида мазкур жамият раҳбари Бахит Салатдинов билан учрашиб, бир қатор саволларга жавоб олдик.
— Бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш соҳасига қаратилаётган эътиборга муносабатингизни билдирсангиз?
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб борилаётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги фармонига кўра ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилингани соҳага қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг намунаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби қурилиш ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Тошкент шаҳрида, вилоятлар марказларида бўлгани сингари Республикамизда ҳам кенг қўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур қарорда мамлакатимизда замонавий қурилиш индустриясини яратиш, тармоқнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш вазифалари ҳам белгилаб берилди. Шунингдек, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид қўшимча чора-тарбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш доирасида Қурилиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳасини модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилади.
— Жамоангиз томонидан ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида амалга оширилган ишларга тўхталсангиз?
— 2019 йил мобайнида ва жорий йилнинг ўтган ойларида жамоамиз қурувчилари томонидан Қонликўл, Мўйноқ, Бўзатов ва Чимбой туманларида жами 44 миллиард 343,3 миллион сўмлик 11 та объект қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Қонликўл туманида 1000 ўринли стадион, Мўйноқ туманида ёпиқ сузиш бассейини, 1000 ўринли стадион, 18х36 метр ҳажмдаги спорт зали, 1-умумтаълим мактаби қўшимча 240 ўринли биноси, автотураргоҳ, ҳаммом, Бўзатов туманида 1000 ўринли стадион, давлат хизматлари маркази, 20-Болалар мусиқа ва санъат мактаби, Чимбой туманида давлат хизматлари маркази биноларини янгидан қуриш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан яхшилаш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳри «Қумбиз овул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 48-сонли «Юлдузча» мактабгача таълим ташкилоти янги биноси жамоамиз томонидан сифатли қуриб битказилди. 230 ўринга мўлжалланган ташкилотда асосан кам таъминланган оилаларнинг болалари тарбияланмоқда.
Бугунги кунда Бўзатов туманида 10 та уй-жой қурилиши, Хўжайли туманида стадион ва Нукус шаҳрида нодавлат нотижорат ташкилотлари биноси реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Корхонамизда жами 212 нафар киши меҳнат қилиб, шундан 62 нафари доимий, 150 нафари мавсумий иш билан таъминланган.
— Бугунги кунда барча соҳаларда кластер тизими жорий этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, қурилиш материалларини ўзингизда ишлаб чиқариш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
— Тўғри, ҳар бир иншоотни сифатли топшириш биринчи навбатда қурилиш материалига боғлиқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда 2017 йилда жамиятимиз қошида «Nukus Lak Bo’yoqlari» масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикасидан келтирилган замонавий ускуналарда «Ko’k saroy» савдо белгиси остида шпаклёвка, тоштахта, дуродгарлик, ПВА елимлари, суюлтиргич, суюқ шиша, травертин каби 28 хилдаги қурилиш ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Натижада 28 та янги иш ўрни яратилди. Бу материалларни жамиятимиз томонидан барпо этилаётган иншоотларда фойдаланиш билан бир қаторда бошқа ташкилотларга шартнома асосида етказиб берилмоқда. Келажакда травертин, ДСП, гипсокартон каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Корхонамизнинг машина-трактор парки ҳам янгилари билан тўлиқтирилиб борилмоқда. Айни кунда «КамАЗ», «Волга», «ZOOMLION QYGVF», МАЗ, MAN, эксковатор, бетон қориғич, Газел каби ўндан зиёд техникага эгамиз. Жорий йилда янгидан яна иккита МАЗ ва иккита трактор харид қилмоқчимиз.
— Бугунги карантин вақтида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай хайрия тадбирлари олиб борилмоқда?
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан коронавирус пандемиясининг салбий таъсирларини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамоамиз ҳам бундай шароитда имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда аҳолига, айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бераяпмиз. Жумладан, корхонамиз ишчилари А.Тажимуратов, М.Абдуллаев ва М.Бекмуратовлар олган намунавий уй-жойнинг ҳар бирининг 62 миллион, жами 186 миллион сўм бошланғич бадали ва ҳар ойдаги тўловлари ҳомийлик ёрдам сифатида тўлаб берилмоқда. Мўйноқ тумани «Танли ўзак» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёлғиз яшовчи С.Фозилбековга 96 миллион сўм маблағ ҳисобидан уй-жой барпо этилди. Юнон-рум кураши бўйича Осиё ўйинлари совриндори, Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Ж.Бердимуратовнинг оиласига 25 миллион сўм, ўтган йили бокс бўйича Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг иштирокчиси М.Ахмедованинг иштироки учун 15 миллион сўм ёрдам берилди.
Сирдарё вилоятида сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш мақсадидаги хайрли ишдан қурувчилар ҳам четда турмади. Юз берган офатдан жабр кўрган бир нафар фуқарога корхонамиз томонидан уй-жой қуриб берилди.
Карантин даврида Бўзатов туманидан 230 кам таъминланган оилага 45 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари, 5 та оилани корхонамиз ўз ҳомийлигига олган, Уларга ҳар ойда 1 миллион сўмдан кўмак бериб келинмоқда. Яқин кунларда яна бир ишчимиз И.Буббиниязовга ҳомийлик ёрдам сифатида уй-жой қуриб бермоқчимиз.
Бўзатов туманидан корхонамизга ёрдамчи хўжалик учун 50 гектар ер ажратилиб, унга савзавот экинларини экмоқчимиз. Бундан мақсад, биринчидан, ишчи-ходимларимизни шу ерда етиштирилган сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш бўлса, иккинчидан янги иш ўринларини яратишдир.
— Байрам арафасида ҳамкасбларингизга тилакларингиз?
— Дарҳақиқат соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунга келиб қурилиш соҳаси янги босқичга кўтарилмоқда. Уларнинг шарафли ва машаққатли ишларида юксак муваффақиятлар тилайман.
Д.АБИБУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.




