Шимоли-ғарбий, ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги моддий таъминот мутахассислари ҳамда таъминотчиларнинг касб байрами муносабати билан бир гуруҳ фидойи ҳарбий хизматчиларни рағбатлантирди.
Бу ҳақида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ахборот хизмати хабар бермоқда.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилган тадбирда округ оператив ва ҳарбий даражадаги моддий таъминот мутахассисларининг ўз фаолиятини доимо юксак ҳарбий сафарбарликда ўтаётгани таъкидланди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг яшаш шароитларини босқичма-босқич яхшилаш, саломатлигини сақлаш, билим ва ҳарбий салоҳиятини ошириб бориш, шунингдек, муассасаларни барча турдаги зарур моддий таъминот воситалари билан мунтазам равишда таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ моддий таъминот мутахассисларига миннатдорчилик билдирилиб, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Сержантлар таркибидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар навбатдаги ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.
