Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими, меҳнат фахрийси Атаулла Худайбергенов 80 ёшда вафот этди.
А.Худайбергенов 1940 йили Тўрткўл туманида туғилган. Ўрта мактабдан сўнг, Тошкент Енгил саноат ва тўқимачилик институтини 1961 йили тамомлаб, пахта саноати соҳасида дастлабки фаолиятини бошлади. 1966-1975 йилларда Тўрткўл пахта тозалаш заводи директори, 1975-1986 йилларда Қорақалпоғистон “Пахтасаноат” трестига раҳбарлик қилди. 1998-2007 йилларда Қўнғирот пахта тозалаш заводи директори бўлиб ишлади.
У соҳани ривожлантиришда ўзининг бор билими, тажрибаси, куч-ғайратини сафарбар этди, ташкилотчилик қобилияти билан кўзга тушди. У қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ўз меҳнатсеварлиги, талабчанлиги, самимийлиги билан ҳурмат-эътибор қозонди, кўпгина шогирдлар тайёрлади.
А.Худайбергенов бир неча бор халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Совети депутати бўлиб сайланиб, жамоат ишларида фаоллик кўрсатди. Унинг меҳнатлари юксак баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони берилди, бир нечта орден, медаллар билан тақдирланди.
Камтарин инсон, ардоқли ота А.Худайбергеновнинг ёрқин хотираси ёдимизда узоқ сақланиб қолади.
Бир гуруҳ дўстлари.




