Саккиз мингга яқин киши ўз ишига қайтди


Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига қараганда, вазирлик томонидан 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш натижасида шу йилнинг январь-август ойлари давомида янгидан 2204 кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 16 мингдан ошди.

Жумладан, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш” дастури асосида 17 миллиард сўмлик, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 185,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

— Қорақалпоғистон Республикаси бўйича шу йилнинг 1 январь ҳолатига 24721 та тадбиркорлик субъектлари, шундан 14750 та юридик шахслар рўйхатга олинган эди, — дейди  вазирликнинг камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари Н.Байжанов.  — Коронавирус пандемия­сининг салбий оқибатлари боис 1968 та корхона ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган эди.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш натижасида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда 1940 та корхона фаолияти қайта тикланди.

Жумладан, 798 таси савдо марказлари, 134 таси ташиш ва сақлаш хизматларини қўрсатувчи корхоналар, 95 таси қурилиш,  44 таси саноат, 54 таси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи корхоналардир. Шунингдек, бошқа соҳалардаги 815 та корхонанинг ҳам фаолия­ти қайта тикланди. Бугунги кунда қолган 28 та корхонанинг фаолиятини қайта тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бугунги кунда корхоналар ­фаолиятининг қайта тикланиши натижасида 7927 нафар ишчи-хизматчилар ўз иш ўринларига қайтди.

Кичик бизнес корхоналарига 7 ой давомида 880 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, 876 та тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қайта тиклаш мақсадида банк­лар томонидан 123 миллиард сўмдан ортиқ айланма маблағлари учун кредитлар ажратилди. 

Коронавирус пандемиясининг иқтисодий тармоқлар ­фаолияти ҳамда аҳоли турмуш шароитига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида чоралар кўрилмоқда.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.