Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Нукус шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун узоқ муддатли ипотека кредити асосида қурилган 2 та кўп қаватли турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди.
Янги уйларни топшириш тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Ж.Ембергенов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондони, полковник Ф.Шерматов, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳарбий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ҳарбий бўлим ва муассасаларнинг дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юртимизни ҳимоя қилишдек масъулиятли касб эгаларига ва уларнинг оила аъзоларига қулай шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳарбий – маъмурий сектори билан биргаликда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, сўнгги уч йилда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи томонидан 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида 8 та турар-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги вақтда Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биносини қуриш, “Нукус” полигонининг инфратузилмасини такомиллаштириш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.
— Бугун кўпчилик қатори бизнинг оиламиз ҳам икки хонали уй-жойга эга бўлди, — дейди I даражали сержант Айбек Тлеўбаев. — Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бундай уйга эга бўлганимиздан хурсандмиз.
Тадбир сўнггида янги уй-жой эгаларига калитлар тантанали равишда топширилди. Иштирокчилар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Нукус гарнизони “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган ҳар бири 30 квартирадан иборат иккита беш қаватли, барча қулайликларга эга турар-жойлар юртимизни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиб келаётган хизматчиларга байрам совғаси бўлди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган суратлар.




