Туман кенгаши сессияси


Шу йилнинг 15 сентябрь куни халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгашининг нав­батдан ташқари ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида ташкилий масала кўрилди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, бугунги синовли даврда аҳоли фаровонлигини яхшилаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар ҳақида батафсил сўз юритди ва туман ҳокими лавозимига шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг  Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Ибрагимов Абу-Бакир Абдинаимовичнинг номзодини тавсия этди.

Сўзга чиққан туман Кенгаши депутатлари тавсия этилган номзодни қўллаб-қувватлашди.

Сессияда  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сессияда Ибрагимов Абу-Бакир Абдинаимович Қонликўл тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди ва ўзининг бор билими, ва тажрибасини туманни ҳар томонлама ривожлантиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга сафарбар этишини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, Ибрагимов Абу-Бакир Абдинаимович ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси юридик шахсларни солиққа тортиш бўлими бошлиғи, Нукус шаҳар ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Нукус шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари,  Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари каби масъул лавозимларда фаолият олиб борган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ахборот хизмати