Мўйноқда янги бинолар фойдаланишга топширилди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов 27 ноябрь куни Мўйноқ туманида фойдаланишга топширилган бир   қатор биноларнинг очилиш маросимларида иштирок этди.

Дастлаб янгидан қурилган “Тоқпақ ота” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусилмонлари қозияти вакиллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик қатнашди.

«Тоқпақ ота» масжиди 700 кишига мўлжалланган.  Меҳмонлар масжидда яратилган шароитлар билан танишдилар, ўтганларнинг руҳига қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг республика раҳбари туман Маданият марказида туман ёшлари билан учрашиб, уларнинг фикр ва таклифларини, муаммоларини тинглади.

Учрашувда ёшлар томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича Мўйноқ тумани ҳокими Е.Еденбаевга топшириқлар берилди. Ёшлар олий таълим муассасаларига киришда берилган имтиёзлар асосида бу йил мўйноқлик 500 нафардан зиёд ёшлар талаба бўлиш бахтига муяссар бўлгани учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

Жўқорғи Кенгес Раиси Мўйноқ тумани марказида “TURSINBEK DENT” МЧЖ томонидан фойдаланишга топширилган «TURSINBEK DENT» хусусий стоматология клиникаси ва «ARAL HOTEL MUYNAK» МЧЖ томонидан қурилган «Тениз» меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросимларида ҳам иштирок этиб, бу масканларда аҳолига хизмат кўрсатиш учун яратилган кенг имкониятлар билан танишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов «Мўйноқ порлоқ текс» тикувчилик фабрикасида бўлиб, бу ерда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди, корхонада уларнинг меҳнат қилиши учун яратилган шароитлар билан танишди. Шу билан бирга, Мўйноқ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими иморатининг қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати