Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида барча шаҳар ҳамда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ходимларининг соҳавий йўналишда билимларини ошириш бўйича уч кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 ноябрдаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар)лар бўлимлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги баёни ижросини таъминлаш мақсадида 18 соатлик видео-дарс ўтказилди.
Мазкур ўқув семинарнинг асосий мавзулари, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” ҳамкорлигини ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимнинг мазмун-моҳияти, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгаришлар, маҳаллаларда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими, камбағал оилаларни рўйхатдан чиқариш механизмлари тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг сабабларини бартараф қилиш, маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳоли муаммоларининг ҳал этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Бундан ташқари, ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан якка тартибда ишлаш каби муҳим вазифалар тушунтирилди.
Ўқув семинари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари, Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъул ходимлари томонидан олиб борилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




