Ҳар йили давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси кириб келган янги йилнинг кенг кўламли ва мақсадли режалари билан халқимизга куч-қудрат, ҳаётимизга эркинлик ва фаровонлик, келажагимизга катта ишончни мустаҳкамлаб беради.
Мурожаатномани тинглар эканман, янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, шаҳар ва қишлоқлардаги ободлик, ҳар бир оиланинг бахт ва иқболи, ёш авлоднинг куч-қудрати, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган бетакрор ютуқлар ва жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга ҳаваси ва эътирофи кўнглимдан ўтди. Орзу мақсадлар улғайгандек бўлди. Янги ниятлар, янги режалар кириб келаётган янги 2021 йилга мазмун бағишлагандек бўлди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари янги йил арафасида бўлиб ўтган Ёшлар форумида нутқ сўзлаб, ёш авлоднинг ғайрат шижоати, куч-қудрати халқимиз кўнглини тоғдай кўтараётганлиги, улар юртимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинаси эканлигини, алоҳида таъкидлаб ўтганлиги ҳаётимизга қувонч ва бахт туйғуларини олиб киргандай бўлди.
Ёшлар анжуманидаги нутқ ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, унда ёш авлоднинг куч-ғайрат ва азму-шижоати, юртимиз равнақида йўлчи юлдуздек бўлиб, нур сочиб турганлигини англадик.
Айниқса, Мурожаатнома ўтган бир йилнинг сарҳисоби бўлиб, инсониятнинг коронавирус пандемиясидек глобал офатга сабр матонат билан жавоб берганлиги, юртимизда бир аср давомида рўй бермаган бундай офатни енгиш учун Президентимиз раҳнамолигида олиб борилган режали дастурлар халқ саломатлиги учун кўрсатилган меҳр ва эътиборнинг ёрқин намоёни бўлди.
Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз, — деди давлатимиз раҳбари Мурожаатномада.
Шу ўринда, Қорақалпоғистонда ҳам халқимизнинг бирдамлиги, қийинчиликларни мардона енгиб ўтишдаги ҳамкорлик, дўстлик, биродарлик, сабр ва ирода каби қадриятларининг улуғворлигини ҳис қилдик. Албатта, қийинчиликлар ўртага чиқди. Айниқса, пандемиянинг илк кунлариданоқ нафақат кам таъминланган оилалар, балки кўплаб фуқароларимиз даромадини йўқотиб, ишсиз қолганлиги янада жипслашиб бу қийинчиликларни енгишга ундади.
Халқимиз бу муаммони асосий вазифа сифатида қараб, айниқса “темир дафтарга” киритилган эҳтиёжманд аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида режали ишларни амалга оширдилар.
30 мингга яқин ишсиз фуқаролар доимий иш билан таъминланди. 2 минг нафарга яқин фуқаролар меҳнат бозоридаги талабни ўрганиб турли касбларга ўқитилди. Кўпчилик ишсизларга ишсизлик нафақаси берилди.
Бу каби кўрилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда юртимизда ҳаёт ўз изига тушиб, иқтисодиётимиз ҳам барқарор ривожланиш босқичига ўтганлигини кўрмоқдамиз.
Мурожаатнома ва Ёшлар форумидаги нутқда Президентимиз қадим буюк аждодларимизнинг ҳикматларини тилга олиб ўтгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.
«Буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмийнинг «Сўз–гул, иш–мева», деган ҳикматли сўзлари бор. Ўйлайманки, бугун белгилаб оладиган режаларингиз қанчалик пишиқ-пухта бўлса, ишингиз ҳам шунчалик яхши самара беради», деди давлатимиз раҳбари ёшларга мурожаат қилиб.
Сизлар кўп китоб ўқиган, билимли авлод вакиллари сифатида юртимиз ўтмишда жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини яхши биласиз.
Сиз – Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Синолар, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар ва Термизийлар авлодисиз».
Давлатимиз раҳбарининг ёшларга билдирган бундай ишончи, меҳр ва эътибори қорақалпоғистонлик ёшларни ҳам катта марраларга руҳлантирмоқда.
Айниқса, ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш соҳаларида олиб борилаётган тадбирларни мисол қилиб кўрсатсак бўлади.
Ўтган йилнинг бошида Нукус шаҳри, Мўйноқ, Бўзатов, Тахтакўпир, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларида ёшлар билан оммавий сайёр қабуллар ва учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ёшларнинг мурожаат ва таклифларидан келиб чиқиб, жами 100 дан ортиқ маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилиб, уларда 20 мингга яқин ёшлар қатнашди.
Айниқса, ёшларнинг соҳалар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 125 та онлайн вебинар ва маҳорат дарслари ўтказилиб, уларда 20 мингдан ортиқ ёшлар ўз малакасини оширди.
Шунингдек, унинг маънавий дунёсини бойитиш ва китобхонликни тарғиб этиш мақсадида телеграмм тармоғида 4 та аудиокитоблар канали ишга туширилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Амударё, Беруний, Хўжайли, Тахиатош, Шўманой, Чимбой, Тахтакўпир туман Кенгашлари ташаббуси билан ёшларнинг маънавиятини юксалтириш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида мактаб кутубхонасидан ўқувчи ёшлар уйларига 5 мингдан ортиқ китоблар етказиб берилди.
Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги барча умумтаълим мактабларида “Ёшлар Парламенти” аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи, БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди.
Бу тадбирларнинг ҳаммаси ёшларимизни интеллектуал қобилиятларини ошириш, уларда ватанпарварлик тўйғусини ўстиришда катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини қайд этиб ўтиш ўринлидир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ҳам катта ҳикматлар қайд қилиб ўтилган.
Президентимиз таклифи билан 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб белгиланди.
Шу билан бирга кириб келаётган 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг самарадорлигини ошириш ва янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, мактаб таълимини тубдан яхшилаш, олий таълим қамрови ва сифатини яхшилаш, илм-фан ва инновациялар равнақига эътибор бериш, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар, ногирон болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиб, амалиёт шифокори ўрнига оила шифокори – 5 нафар тиббиёт ходимидан иборат тиббий бригадалар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар қилиб белгиланди.
Шу билан бирга иқтисодиётда чуқур таркибий ислоҳотлар олиб боришнинг тизими яратилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашув, давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш, саноатда рақобатдошликка эътибор бериш, макроиқтисодий барқарорликка эришиш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар натижаси, юртимиздаги янгиланишлар аҳолининг кайфиятида сезилиб туриши учун маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштириш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Барча соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар натижасини ҳар бир фуқаро ўз шахсий ҳаётида ҳис этиши кераклиги айтиб ўтилди.
Юртимизда 17 миллиондан ортиқ аёл-қизлар ва уларга муносиб шароит яратиш энг муҳим вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини, уларнинг жамият ҳаётдаги ўрнини ва нуфузини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканлиги кўрсатилди.
«Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас»,— деди давлатимиз раҳбари.
«Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.
Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!».
Мурожаат халқ учун меҳр ва қудрат,
Мурожаат янги йил солномасидир.
Тинчлик, фаровонлик, бахту-саодат,
Ҳар оиланинг оқ остонасидир.
Юртим хазинаси бойлиги ёшлар,
Юртбоши меҳридан куч олган авлод.
Янги йил сиз учун, янги йўл бошлар,
Шу йўлда тобланар сиздаги сабот.
Янги йил халқимнинг янги зафари,
Фахр, ифтихорга тўлсин ҳар онинг.
Қутлуғ бўлсин юртим янги сафаринг,
Манзили ободлик Ўзбекистоним!
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Қорақалпоғистон халқ шоири.



