МЕҲНАТДАН УЛУҒЛАНГАН «УЛЛИБОҒ»


Тўрткўл туманидаги «Уллибоғ» овул фуқаролар йиғини туманда аҳоли сони жиҳатдан энг кўп ҳудуд саналади. 1 та ёрдамчи лагопед мактаби ва 4 та умумий ўрта таълим мактаби, бозор, темир йўл ва бир қатор  объектлар ҳам айнан шу маскандан ўрин олган. Йигирма икки мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган овул фуқаролар йиғини ҳудудида ёш тадбиркорлар анчагина. Ҳунармандлар, ижодкорлар,санъаткорлар соҳибкору боғбонларни ўз бағрига олган маконда турли миллат вакиллари баҳамжиҳат умргузаронлик қилишмоқда.

Бутун юртимизда бўлгани каби азалдан бободеҳқонлар, миришкорлар юрти саналган Тўрткўлда ҳам оилалар, хонадонларнинг ободлигида маҳалла, овул оқсоқолларининг ўрни беқиёс.

— Бугунги кун талаби муаммо ва қийинчиликлардан қочиш эмас, балки уларни бартараф қилишни тақозо қилади. Шу боис, ходимларимиз  билан биргаликда  кам таъминланган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқароларимизнинг оилавий шароитини ўрганиб,  муаммоларини ҳал қилиб келмоқдамиз, — дейди 2013 йилдан буён овул аҳолиси, у ерда яшаётган оилалар тақдири, келажаги, орзу интилишларига камарбаста бўлиб келаётган «Уллибоғ» овул фуқаролар йиғини раиси Ўринбой Юлдашев.

У пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлардаги фаоллиги учун «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

— Боғдорчиликда ҳам биздан ўрганишга арзийдиган ишлар талайгина дея сўзида давом этади оқсоқол. Пандемия шароитида кам таъминланган оилаларга маҳалла ва саховатпеша тадбиркорлардан Алишер Отажонов икки юзта хонадонга уч юз минг сўмдан, Эркин Раҳимов 4 та хонадонга биттадан қўй, Бекжонбой Бобожонов сигир эҳсон қилишди. Бундан ташқари, 30 та эҳтиёжманд оила кўмир билан таъминланди, 6 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Ўз-ўзини банд қилиш бўйича ҳам ишлар йўлга қўйилганлиги боис ҳудудимизда ишсизлар сони кам. Тадбиркорлик билан шуғулланиб ҳам оиласини, ҳамда овулда яшовчи ишсиз ёшларни иш билан таъминлаб келаётган  Рус­тамбек Раззоқов томонидан ташкил қилинган шланга цехида 6 нафар, Давронбек Мавлоновнинг цехида 6 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. Тўқувчилик билан шуғулланаётган Бекпошша Абдуллаева ўз шогирдлари билан қизларга тўқувчиликдан таш­қари тикувчилик ва бош­қа ҳунарларни ўргатиб келмоқда. «Ҳунарли хор бўлмас» деганларидек, ҳунармандларимиздан, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган темирчилардан Илҳом Машарипов, тандир устаси, сулола вакили  Худойберганов, қоракўлчилик бўйича Эркин Раҳимовлар овулдошларига ўз ҳунарларини ўргатиб, шогирдлар орттирмоқда.

Яқинда томорқадан унумли фойдаланиш ва иссиқхоналарда мева сабзавотлар, лимон, гуллар етиштиришда тажриба тўплаган тадбиркор Норгул Содиқованинг хонадонида ўтказилган кўргазмали семинарда,  иштирокчилар бу ердаги иш жараёни ва тадбиркорлик сирларидан баҳраманд бўлишди.

Ўрнак олса арзийдиган оилаларимизнинг борлиги бизни қувонтиради. «Отанг маҳалла, онанг маҳалла» деб бекор айтишмаган, оилалар тинчлиги, хонадонлар осойишталиги, жамиятнинг  равнақ топишида муҳим рол ўйнайди, албатта. Камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам кўпгина чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз.

Намунали томорқа эгаларидан лимончилик билан шуғулланувчи Азамат Собуров, шунингдек, Собирбой Ваисов, Зевар Ўринбоева, Олтин Каримова сингари ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларимиз, оиласидан ортиб, ўзлари етиштирган маҳсулотлар  билан бозорларимизни таъминлаб, ҳам давлатга ҳам оиласига, қолаверса маҳалладошларига наф келтирмоқда. Маданий ва маърифий тадбирларда ҳам овул фуқаролари фаол қатнашишади. Жумладан «Нурли наволар» фольклор фестивалида уллибоғликлар  фахрли 1 ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олган бўлса, ёш талант эгаси Шерзод Эшчонов, Отажон Худойшукуров номидаги кўрик-танловда туманда 1 ўрин, республикада 2 ўринни қўлга киритди.

— Ютуғларимиз ҳам камчиликларимиз ҳам ўзимизники, бирор камчилик ёки муаммоли масала юзага келса, дарҳол ҳал қилишга уринамиз. «Ватан остонадан бошланади» деганларидек, ватан, маҳалла, овул ҳам остонадан бошланса ажабмас, — дейди оила, хотин-қизлар ва  ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосар Адолат Ортиқова, овул турмушига тўхталаркан.

«Уллибоғ» овул фуқаролар йиғинида овул ва оилаларнинг ширингина ташвиши билан яшаётган фуқаролар бугун ўз ишидан ҳам, ҳаётидан ҳам мамнун. Чунки, улар юртимизда юз бераётган янгиланиш ва ижобий ўзгаришларда ўзларининг ҳиссалари борлигини ҳис қилиб яшашмоқда. Зотан, ҳаётга, жамиятга дахлдорлик  билан яшаш ҳам бир бахт.

Фотима АБДУРАИМОВА.