ВАТАННИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ШАРАФДИР!


Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш, замонавий Қуролли Кучларни барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Муқобил хизмат тўғрисида»ги қонунлари, янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилингани миллий армиямизни янада ривожлантиришда асосий пойдевор вазифасини ўтади.

Ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ҳарбий кадрлар салоҳиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, малакали кадрлар тизимини шакллантириш бевосита ҳарбий хизматчиларнинг профессионал, жанговар, интеллектуал даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда Қуролли Кучлар академиясида еттита, Мудофаа вазирлигининг олтита олий ҳарбий таълим муассасасида 28 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар, сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича сержант­лар тайёрланмоқда. Қуролли Кучлар Академияси ҳузурида қўмондонлик ва бошқарув таркиби бўлган офицерлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича Олий курслар ташкил этилиб, таълим босқичма-босқич, узлуксиз таъминланмоқда.

Охирги икки йил давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилиб, ҳарбий бошқарув тизими оптималлаштирилди, жанговар самарадорлиги бўлмаган, бир-бирини такрорловчи тузилмалар ўрнига жанговар бригадалар ташкил этилди. Армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ривожланган мудофаа саноати инновацион ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилиниши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи, энг муҳим қадамлардан бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ва интилиши ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлмоқда. Ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга бўлган садоқат туйғусини шакллантириш, ўрта мактабдан олий ўқув юртигача узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича яхлит тизим яратилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам мудофаа соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, давлатимизнинг мудофаа қобилия­тини мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар барчамизнинг тинч ҳаётимиз учун хизмат қилади.

Азизбек Алимкулов,

Нукус ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия лейтенанти.