Санъатга ошуфта қалб эгаси


Ҳар йили 8 март –Халқаро хотин-қизлар куни арафасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган аёл-қизларимиз меҳнати, яна бир бора эътироф этилади. Дарҳақиқат, бугун ўз фаоллиги, ташаббускорлиги, ишчанлиги билан нафақат оила фаровонлиги, балки жамият ривожи, тараққиётига муносиб  ҳисса қўшиб келаётган аёлларимиз жуда кўп.  

“Отам айтган афсона”, “Олтин балиқ”, “Қизил қалпоқча”, “Туғилган кунга совға”, “Робот ва дўкончи қиз”, “Қўрқит ота”, “Қирқ қиз”, “Шарияр” каби  жуда кўплаб спектакллардаги турли хил образлари билан томошабинлар эътиборини қозонган ёш актриса, “Шуҳрат” медали соҳибаси  Насиба Генжебековадир.

Насиба болалигидан санъатга меҳр қўйди. Қизиқиши ва истеъдоди туфайли  турли хил қўғирчоқлар ясашни, ҳар хил образларда ўзини синаб кўришни, роллар ижро этишни хуш кўрарди. Мактабда бўлиб ўтадиган турли байрам тадбирларида, дўсту-дугоналар, оила даврасида ўз истеъдодини намоён этишдан завқланарди.

 Ўқишни аъло баҳоларга тугатган Н.Генжебекова 2001 йили Қорақалпоқ давлат маданият коллежига қабул қилинди. Ушбу таълим даргоҳини тугатгач, 2004 йилда Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида ўз фаолиятини бошлади. У ўз истеъдоди, талабчанлиги, зийраклиги туфайли бир биридан ажойиб ролларни ижро этди.

-Санъатга баҳо бериш осон, аммо, актриса, санъаткор сифатида  халқ меҳрини қозониш, ўз иқтидорингни намоён этиш, халққа жонли ижрода етказиб бериш бу инсондан жуда катта масъулият, куч ва ирода талаб этади. Мен ҳар битта ролимни ижро этишдан олдин  жуда катта тайёргарлик кўраман. Масалан, бирорта ҳайвон образи бўладиган бўлса шунга доир маълумотларни ўқиб ўрганаман, ҳарактерини, феъл-атворини очиб беришга ҳаракат қиламан. Бизнинг томошабинларимиз асосан кичик ёшдаги  болалар, ўқувчи –ёшлардир. Улар ҳар бир деталга алоҳида эътибор беришади. Болажонларни алдаб бўлмайди, ахир,-дейди суҳбатдошимиз Н.Генжебекова.

Маълумки, қўғирчоқ ­театри —  театр  санъати тури бўлиб,  чодир  ёки  парда  ортида яширинган актёр-қўғирчоқбозлар томонидан ҳаракатга келтириб кўрсатиладиган қўғирчоқлар томошаси саналади.  Қўғирчоқлар асосан ип билан бошқариладиган, қўлга кийиладиган, сояси тушириладиган, симли ва механик тарзда бошқарилади. Бир неча сантиметрдан тортиб  одам  бўйидан ҳам юқори қўғирчоқлар бор.

Қаҳрамонимиз “устоз-шогирд” анъанасини жуда қадр­лайди ва ўзи ҳам устозларининг берган билими, таълим-тарбияси, кўрсатма ва маслаҳатлари туфайли шу даражага етганидан, муқаддас даргоҳда фаолият юритаётганидан жуда бахтиёр. У Жолдасбай Абиллаев (раҳматли),  Мурат Бегимов, Қоблон Калилаев, Парахат Кулимов каби кўплаб устозлари номини фахр билан тилга олади.

Н.Генжебекова  “Ботир қуён”, “Бўталоқ”, “Оқ текеш ва кўк текеш”, “Туғилган кунга совға”, “Чатоқ бола”, “Оққуш ҳақида афсона”, “Гулда булбул сайрайди”, “Бемби”, “Умрбек Чимбой бозорида”, “Чўпон бола”, “Сеҳрли куй”, “Мен ўзимга дўст топдим”, “Сеҳрланган сарой маликаси” каби кўпгина спектаклларда рол ижро этган.

Самарқанд, Тошкент, Андижон, Жиззах шаҳрида, шунинг­дек, Қозоғистон Республикасида ўз истеъдодини намойиш этган.

Насиба ўқиб ўрганишдан, билим олишдан чарчамайди. У ҳозирда Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтининг Қўғирчоқ театри актёрлиги факультетида таҳсил олмоқда.

Насиба билан суҳбатлашар экансиз, инсон ўз оиласи даврасида бахт-саодатга эришишини таъкидлайди. Насиба ҳам шу муҳитда катта бўлган, санъат соҳасида ишлайдиган, уни тушунадиган йигит билан ҳаёт йўлларини боғлади. Турмуш ўртоғи Айдос Сабиров бугунги кунда мазкур теартда овоз оператори бўлиб фаолият юритади. Катта фарзанди Азамат мактаб ўқувчиси, қизи Зулфия эса 19-сонли болалар боғчаси тарбияланувчиси.

-Биласизми,  ҳозирги кунда ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ривожида ҳам аёлларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Давлатимиз раҳбари ҳар бир нутқида ёшлар ва хотин-қизлар масаласига алоҳида урғу беради. Шунингдек, маънавий – маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳам бугунги давр талаби эканлигини таъкидлайди. Аҳоли, айниқса ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда театр санъати муҳим аҳамият касб этади. Мен ҳам шу юртнинг бир фарзанди, она, аёл сифатида бу борада олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун бўламан. Ўз санъатим орқали халққа маънавий озуқа, қувонч улашаётганимдан хурсандман. Шу ўринда ота-онамга, барча устозларимга ҳамда театримиз директори М.Айтниязовга ўз миннатдорлигимни билдираман. 

Н.Генжебекова 2020 йилда Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан Президентимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Ҳа, Насибанинг орзу-мақсадлари жуда кўп. У бир-биридан ажойиб роллар ижро этиб, инсонларни яхшиликка, эзгуликка чорлаш, қўғирчоқ театрини ривожлантириш, бу борадаги билимларини янада бойитиш, юксак марраларни забт этишни ўзининг эзгу мақсади деб билади. 

Феруза НУРУЛЛАЕВА.