Ўлкамизга баҳор кириб келиши билан, шарқ аёл-қизларининг ақл-идроки, гўзаллигини ўз қалами орқали дунёга танитган, инсонийлик, меҳр-муҳаббат, Ватан туйғусини куйлаган севимли шоира, давлат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилованинг шеърлари хаёлимизга келаверади.
Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейида Зулфия таваллудининг 106 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда шоиранинг ижоди яна бир бор эътироф этилди.
Унда олий таълим муассасалари ўқитувчилари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Дўстлик» ордени соҳиби Г.Давлетова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари Н.Ибрагимова ва Н.Шерипбоевалар сўзга чиқиб, шоиранинг ижод йўли, ўзбек адабиётида тутган ўрни, шоира ёзиб қолдирган шеърларнинг аҳамияти хусусида тўхталишди.
— Юртимизда шоиранинг маданиятимиз ривожланишидаги буюк хизматлари инобатга олиниб, жамоат ишларида фаол қатнашиб келаётган истеъдодли қизларимизга адабиёт, маданият, спорт, фан ва таълим соҳалари бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис қилинди. Бу эса шоирага бўлган юксак эътибор ва ҳурмат белгисидир, — дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова. — Университетда бир қанча қизларимиз ушбу мукофотга сазовор бўлди. Бугунги кунда улар турли соҳаларда муносиб хизмат қилмоқда.
Кеча иштирокчиларига Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби фольклор бўлими ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари музей экспонатларини томоша қилишди.
Т.Сейтназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.



