«Ўзбегим аёли — 2021» Миллий мукофоти Жузимгул Бекбергеновага ҳам насиб этди


Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида «Milliy» телеканали томонидан таъсис этилган «Ўзбегим аёли – 2021» миллий мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Бу йил ҳам мазкур мукофотга турли ҳудудлардан 100 нафардан ортиқ номзодлар тавсия этилган бўлиб, уларни саралашда даъвогар аёлларнинг жамиятдаги роли, иш фаолиятидаги жасорати, мураккаб кечган пандемия шароитидаги хизматлари алоҳида эътиборга олинди. Улардан фаолияти энг яхши деб топилганлари «Ўзбегим аёли» миллий мукофотига муносиб кўрилди.

Ҳамюртимиз Жузимгул Бекбергеновага ҳам ушбу юксак мукофот насиб этди. У Нукус туманидаги «Мажит Жузимгул» фермер хўжалиги раҳбари. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларга катта ёрдамлар кўрсатиб келмоқда.

ЎзАдан олинган суратда: чапдан биринчи Ж.Бекбергенова.