ТАНИШИНГ: 2021 ЙИЛНИНГ ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ СОҲИБАЛАРИ


Президентимизнинг қарорига мувофиқ, иқтидорли ва ижтимоий ҳаётда фаол қизларнинг бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу уларга чексиз қувонч, фахр-ифтихор бахш этди.  Зулфияхоним издошларининг дил сўзлари шу ҳақда.

Шаҳзода Каримбоева, Тўрткўл туманидаги 12-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси:

— Инсоннинг юксак муваффақиятларга, ютуқларга эришишида албатта у камолга келган, таълим-тарбия олган муҳит алоҳида ўрин тутади. Мен ҳам мана шундай имкониятлари бисёр, қорақалпоқ диёрида, мустақил Ўзбекистон заминида туғилиб, вояга етганимдан жуда ҳурсандман. Болалигимдан адабиётга меҳр қўйдим. Шеърлар, ҳикоялар ёзиб, ўз ижод намуналарим билан кўпгина кўрик-танловларда иштирок этдим. Бир нечта шеърий тўпламларим нашр этилди.

“Ёш китобхон-2019” танловининг мамлакат босқичида ғолиб бўлиб, Президент совғаси -“Спарк” автомашинаси билан тақдирландим. Аммо, бугунги қувончим, ҳаяжоним жуда ҳам чексиз.

Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қўлларидан ушбу мукофотни олган пайтимдаги ҳаяжонимни, қувончимни айтмайсизми!? Ушбу мукофот нафақат менга, балки бутун қорақалпоқ қизларига, ижодкор-зиёлиларига қаратилган юксак эътибор, ишонч, масъулият деб биламан.

Мен юртимизга муносиб фарзанд бўлиб, келажакда она Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.

* * *

Гулсанем Оразбаева, Бўзатов туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси:

— Спортга қизиқиш ва меҳр айни болалик даврдан уйғонса спорт ҳар қайси одамнинг ҳаётида доимий ҳамроҳга айланади. Мен ҳам болалигимдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланаман. Натижалар шунга яраша бўлмоқда. 2017 йили шотокан каратэ-до бўйича Қорақалпоғистон Республикаси очиқ кубогида фаол қатнашиб, тақдирландим.

2018 йилдан бошлаб спортнинг ушбу тури бўйича Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олиб келяпман. Бир неча бор Қорақалпоғистон чемпиони бўлдим. 2020 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида фахрли 1-ўринни эгалладим.

Албатта, бу ютуқларга эришишимда ота-онам, устозларимнинг қўллаб-қувватлаши ва давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга яратиб бераётган улкан имкониятлари қўл келди.

Спорт инсонни чиниқтиришдан ташқари, курашга, аниқ мақсад сари интилишга ундайди, иродасини тоблайди. Куни кеча ­Президентимизнинг тегишли қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар қаторида менинг ҳам исмим борлигини кўриб, очиғи, дунёларга сиғмай кетдим.

Қорақалпоғистоннинг олис овули, яъни Бўзатов туманидаги ёш спортчи қизга бўлган бундай юксак ишончни, албатта, оқлайман.