Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Беруний туманида бўлиб, янгидан қуриладиган объектлар билан танишди.
Жумладан, Абай овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “LIDER GIPS” масъулияти чекланган жамияти томонидан гипсокартон ишлаб чиқариш заводи қурилиши учун тамал тоши қўйилди. Мазкур объект қиймати 22 миллиард 704 миллион сўмни ташкил этиб, лойиҳа ишга тушиши натижасида 45 та иш ўрни яратилади.
Шу куни туман фаоллари ва нуронийлар иштирокида яна битта объектнинг қурилиш ишлари бошланди. “BERUNIY BUG’DOY CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятига тегишли мазкур ун заводининг лойиҳа қиймати 33,5 миллиард сўм бўлиб, йил охиригача ишга тушиши белгиланган. Натижада 200 кишининг бандлиги таъминланади.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Беруний туманидаги Маданият саройида Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний тумани ёшлари билан учрашди.
Маданият саройи фойесида турли миллат вакилларининг ашула ва рақслари ижро этилиб, меҳмонлар марказдаги 28 та тўгарак фаолияти билан танишди. Бу ердаги доира, миллий қўшиқчилик, хореография, рубоб, эстрада, спортнинг бадиий гимнастика ва каратэ турлари бўйича тўгарак иштирокчилари ўз санъатини намойиш этишди. Республикамиз раҳбари марказ кутубхонасига 1000 дона китоб совға қилди.
Меҳмонлар музей экспонатлари ва берунийлик рассомлар Сабир Қутлимуратов ҳамда Сахий Джанахмедовларнинг кўргазмаси билан танишдилар. Ижодкорларга бугунги ёш авлоднинг рассомчилик бадиий санъатига қизиқиши ва эътиборини орттириш мақсадида “Устоз-шогирд” анъанасини бундан кейин ҳам давом эттириш юзасидан таклифлар берилди. Мактабга олис ҳудуддан қатнайдиган ўқувчиларга 20 дона велосепед топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ёшлар билан учрашуви савол-жавобларга бой бўлди.
Дастлаб ZOOM дастури бўйича Хитой, Беларусь ва Россия Федерациясининг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар билан ўзаро фикр алмашилди. Сўнгра 3 та туман ёшларининг мурожаатлари тингланди.
Тадбир давомида Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларининг ҳар биридан 3 тадан кам таъминланган оила фарзандларининг шартнома тўловлари учун сертификат топширилиб, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб келаётган 6 нафар ёшларга ноутбук совға қилинди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.




