СУВ ХЎЖАЛИГИ МУАММОЛАРИ ЮЗАСИДАН МУРОЖААТЛАР ТИНГЛАНДИ


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев икки кун давомида тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказди. Унда ҳудудлардаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди.

Қабул жараёнида 30 дан ортиқ мурожаатларнинг ижроси юзасидан  жойлардаги масъул ташкилот ва корхона раҳбарларига топшириқлар берилди.

— Хусусан, Кегейли тумани «Обод» ОФЙ ҳудудидаги «Қунназарова Лиза» фермер хўжалиги раиси Сапарбой Тлеўмуратов, «Абат ярмыш» туманлараро каналига электр насос қурилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди, — дейди Сув хўжалиги вазирининг матбуот котиби ­.Отажонов. — Ушбу масала бўйича масъул корхоналарга, жойларга бориб ўрганган ҳолда муаммонинг ечими бўйича аниқ таклиф киритиш вазифаси юкланди.

Шунингдек, нуроний Юсуфбой Абдуқодировнинг «Бакир жарған» каналини, «Бекбосын-Есбосын» фермер хўжалиги раиси Султон Дўсмуротовнинг «Тентек жап» каналини қазиб-тозалашга техника ажратиш бўйича қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Бу бўйича тегишли  соҳа вакилларига топшириқлар берилди.

Беруний ва Элликқалъа туманларида ўтказилган кўргазмали семинарлар ­доирасида ҳудудлардаги  кластерлар ва фермер хўжаликлари раислари учун кўчма қабуллар ташкил этилди.

Қабулларда Қорақалпоғистон шароитида  сувни тежайдиган технологияларни ўрнатиш бўйича амалий қўлланмалар тайёрлаш ва фермерларга етказиш, сувни тежайдиган технологиялар татбиқ этилгач далалардаги ёввойи ўсимликлар ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича агрономлар маслаҳатларини ташкил қилиш ва сув муаммолари бўйича масалалар кўтарилди.

Тадбирда кластерлар ва фермер хўжаликлари раисларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, тегишли вазифалар белгиланди.

А.Жиемуратов.