Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияси


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли  айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитга бўлган  эътиборини кучайтириш, она табиатни асраш, экологик ҳолатни яхшилаш ва салбий таъсирларнинг олдини олиш борасида  бир қатор чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, ўтган шанба куни Нукус шаҳрида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Тоза  ҳудуд” лойиҳаси доирасида оммавий ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  акцияси бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бош­қармаси томонидан қўллаб-қувватланди.

Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази” биноси олдида ёшлар ташаббусининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларимиз томонидан илгари сурилган бундай эзгу ташаббуснинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди.

Тадбир доирасида Нукус шаҳрини тоза ҳудуд ва яшил белбоғли шаҳарга айлантириш, ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларда уларнинг иштирокини кенгайтириш ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бош­қармаси томонидан ишлаб чиқилган www.ncity.uz сайт орқали ободонлаштирилиши зарур бўлган 61 та  ҳудуд харитага жойлаштирилди.

Тадбир олдидан 300 ортиқ ёшлардан иборат “Кўнгилли ёшлар” отряди ташкил қилиниб, белгиланган ҳудудларда аҳоли орасида маънавий-маърифий  ишларни олиб борди.

Лойиҳада иштирок этган вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари,таълим муассасалари ёшлар иштирокида ўзларига бириктирилган ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан боқувчисини йўқотган оилаларнинг хўжалик ишларига ёрдам берилган бўлса, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбийлари «Шорша бобо», «Салман ота» қабристонларини кўкаламзорлаштирди.

Тадбир доирасида «Эко патруль» акцияси ўтказилиб, «Ёшлар маркази» атрофига «Карьера» ёш кадрларни тайёрлаш клуби аъзолари томонидан гуллар экилди.

Бундан ташқари, 9 та «Кўнгилли патронаж ёшлар» отряди «Фахрийлар ҳурматда» лойиҳаси доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари, боқувчисини йўқотган,ногирон, ёлғиз яшовчи фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказди.

«Фидойи ёшлар» томонидан ана шундай 21 нафар фуқаронинг уй-жойлари атрофи ободонлаштирилди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар  топширилди. Қушларнинг юртимизга кўпроқ учиб келаётгани инобатга олиниб, бир гуруҳ ёшлар «Қушларга ғамхўрлик қиламиз!» шиори остида уялар ясаб, дарахтларга илиб қўйишди.

— Тадбирда ёшлар ўз ташаббуслари билан Нукус шаҳри тозалиги ва ободлигига ҳисса қўшмоқда, — дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Бўзатов тумани бўлими раиси Низаматдин Тўремуратов. — Келгусида туманда ҳам бу каби тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз.

Ёшларнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу тадбир давомида 4250 туп мева, 18260 туп манзарали дарахт ва мингга яқин гул кўчатлари экилди. Нукус шаҳридан 225 тонна чиқинди олиб ташланди. Жонбозлик кўрсатган 20 мингга яқин ёшлар халқимизга хос меҳр-оқибат фазилатларини намойиш қилишди.

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдидаги майдонда «Тоза ҳудуд» лойиҳасида фаол қатнашганларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этиб, ёшларни  эзгу ташаббуслари билан  табриклади. «Энг фаол фуқаролар йиғини», Энг фаол ёшлар отряди», «Энг яхши ташаббус», «Энг фаол корхона» ва бошқа бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир санъат усталарининг гала концерти билан якунланди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.