Дўлдай ёғилган ўқдан ҳайиқмаган жангчи


1922 йилнинг 28 март санасида Хўжайли туманида туғилган Жумағалий, айрим манбаларда Жумангалий Қалдиқораев Марказий фронтнинг 61-армияси 7-гвардия кавалерияси корпусининг 7-танкларга қарши истребитель дивизиясида жангларга қатнашиб, жасорат кўрсатган.

У урушга қадар Тошҳовуз вилоятининг Калинин тумани Киров қишлоғида тракторчи бўлиб ишлаган. 1941 йили биринчилар қаторида урушга отланган.

У миллионлаган инсонларнинг умрига зомин бўлган шу қонли урушда танкда замбарак отувчи бўлиб Москва, Брянск, Орлов шаҳарлари ва Беларуссиянинг Гомель вилояти ҳудудларини озод этишда ҳақиқий мардлик намунасини кўрсатди.

Айниқса, у 1943 йилнинг 27 сентабрида санасида Беларуссиянинг Гомель вилояти Комарини қишлоғи томонда, Днепр дарёси бўйида душманларнинг дўлдай ёғилган ўқлари остида ҳаётини хавф остига қўйиб, ўқ отувчи пулемётларни оралаб дарёдан кечиб ўта бошлайди. Лекин, дарёнинг нариги тарафидаги фашистлар томонидан ёғдирилган ўқлар бизнинг юртдошимиз турган жойнинг кулини кўкка совуради. Бироқ, қорақалпоғистонлик мард ўғлон ҳеч нарсадан чўчимасдан, бир қўлига қурол олиб, бир қанча қуролдош дўстлари билан оқиб турган дарёдан сузиб ўтади ва душманлар жойлашган ҳудудни босиб олиб, ўзларининг ротаси бутунлай Днепрни кечиб ўтгунича бу ҳудудга душманни яқинлаштирмай ҳимояда туради.

Мард ва довюрак жангчимиз Жумағалий Қалдиқораевнинг урушда кўрсатган бу мардлиги учун унга «Совет Иттифоқининг Қаҳрамони» унвони ва орден берилади.

Бироқ, бахтга қарши ватандошимиз Жумағалий Қалдиқораев буларни олишга улгурмади.Сабаби, у 1944 йилнинг 26 январь куни Беларуссиянинг Мозир шаҳри учун бўлиб ўтган қирғинбарот жангда душман ўқидан яраланиб мардларча вафот этди ва Мозир шаҳрига дафн этилди.

Материалларни ёзма манбалар асосида

Адилбай Оразов тайёрлаган.