Оролбўйи минтақасига бутун дунё эътибор қаратмоқда


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббус ва таклифларни билдирган эди. Жумладан, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди.

Шу йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мазкур таклифи асосида ­ишлаб чиқилган резолюция бир овоздан маъқулланди. Бундан кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилаётган ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан илиқ қабул қилиниб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, Орол денгизининг қуриши бир неча йиллардан буён минтақадаги энг жиддий экологик фалокатлардан бири бўлиб келаётган эди. Президентимизнинг мазкур таклифи бутун дунё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланиши, Орол муаммоси нафақат минтақавий балки глобал даражага кўтарилганлигини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки йиллардан бошлаб Орол муаммосига катта эътибор берди. Жумладан, 2017 йилда Қорақалпоғистонга қилган сафари доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2017-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича  8,4 трлн сўм маблағ йўналтирилган  Дастур ишлаб чиқилди. Албатта бундан сўнг Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга оид бир неча қарор ва лойиҳалар доирасида, ҳудудда катта ўзгаришлар қилинмоқда. Сўнгги 3-4 йилда ҳудудга катта маблағлар ажратилиб, Оролбўйида мисли кўрилмаган лойиҳалар амалга оширилди.

Бугунги кунга келиб Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур жараёнга БМТ даражасида эътибор қаратилаётгани барчамизни, айниқса Мўйноқ туманида туғилиб ўсган инсон сифатида мени қаттиқ қувонтирди.

Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилиниши ҳудудни янада ривожлантириш, экологик муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирларини кучайтириш, экологик инқироз оқибатларини юмшатиш йўлидаги катта қадамдир. Бу Орол­бўйи ҳудудида бугун олиб борилаётган чора тадбирларга инновацион ёндашиш орқали амалга оширилаётган ишларни янада юқори босқичга олиб чиқади. Натижада ҳудудда бунёдкорлик ишлари янада кучайтирилади, айниқса ҳудуд аҳолиси учун барча шароитлар яратилади.

Албатта, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудига берилаётган катта эътибор ўз самарасини бермоқда. Ҳозир Мўйноқга келган одам ундаги ижобий ўзгаришларни кўриб, танимай қолиши турган гап. Қорақалпоғистонликлар мазкур эътибор учун муҳтарам Президентимиздан миннатдор ва ҳудуд ривожи йўлида давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлишга тайёрмиз.

Тажибай Романов,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати  Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбариЖўқорғи Кенгес депутати.